Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизимига илғор халқаро тажрибалар татбиқ этилади
15:57 / 2022-02-12

Андижон давлат университетининг Педагогика институтида “Финландия таълим тажрибасини ўрганиш ва халқаро тадқиқотлардаги муваффақиятларни Ўзбекистонда жорий этиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази томонидан ўтказилган семинар-тренингда институт профессор-ўқитувчилари, магистрлари иштирок этиб, таълим тизимини ривожлантириш, соҳага халқаро тажрибалар ҳамда илғор методологик технологияларни жалб этиш масалалари хусусида атрофлича фикрлашди.

Семинарда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази директори Абдували Исмоилов, АДУ Педагогика институти директори Бахтиёр Расулов кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, умуман, таълим тизимини такомиллаштириш ва сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Мамлакатимиз келажаги, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан билимли инсонлар, малакали кадрларга боғлиқ, – дейди институт директори Бахтиёр Расулов. – Таълим сифатини оширишда малакали педагог кадрларнинг роли муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам малакали, бугунги кун талабига жавоб бера оладиган педагог кадрлар тайёрлаш энг асосий вазифамизга айланиши лозим.

Семинарда мутахассислар томонидан“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг тўртинчи йўналишида белгиланган вазифалар, шунингдек, халқаро тадқиқотларда иштирок этишнинг таълим сифатини оширишдаги аҳамияти, PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларда саводхонликни юксалтириш, Финлaндия таълим тизимининг бошқаруви, муваффақиятлари, PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS тадқиқотларининг талим тизимидаги аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.

Семинар доирасидаги интерфаол усуллар асосида ўтказилган машғулотларда иштирокчилар мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди, ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Якунда институт ва Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази ўртасидаги ҳамкорлик малакали мутахассислар тайёрлаш ва таълим соҳаси истиқболини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

[gallery-5741]

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА