Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизимига эътибор ўз самарасини беради
10:13 / 2022-10-04

Фарғона вилоятида маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб таълимини ривожлантириш учун жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 100,95 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб таълимини ривожлантириш учун қилинган харажатлар бўйича ҳисобот эълон қилинди. 

Молия вазирлиги маълумотларига таяниб эълон қилинган ушбу ҳисобот вилоятлар маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган харажатларни қўшмасдан, фақатгина туман ва шаҳарлар миқёсидаги харажатларни вилоятдаги умумий ўқувчи сонига бўлиш орқали ҳисобланган. Келтирилган маълумотда 2021 йил якуни бўйича харажатлар миқдори кўрсатилган.

Ўқувчи сони жиҳатидан Республикада энг олд ўринлардан бирида турадиган Фарғона вилоятида туман ва шаҳарлар миқёсида мактаб таълимини ривожлантириш учун қилинган харажатлар вилоятдаги жами ўқувчилар сонига бўлинганда бир ўқувчига 5,6 минг сўмни ташкил этган. Лекин бу ўринда туман ва шаҳарлар миқёсидаги харажатларни эълон қилишда вилоятлар миқёсида қилинган харажатларни келтириб ўтилмагани бироз таажжубга солади. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бунга ўз муносабатини билдирди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда умумтаълим мактаблари тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Фарғона вилоятида ҳам бу соҳага алоҳида эътибор қаратилган. Вилоят маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб таълимини ривожлантириш учун ўтган 2021 йилда 86,16 миллиард сўм, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 100,95 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ўқувчи сонига бўладиган бўлсак, вилоят маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан бир ўқувчига ўртача 2021 йилда 128,2 минг сўм (жами 671 минг 909 нафар), жорий йилнинг тўққиз ойида 151,1 минг сўм (жами 675 минг 76 нафар) сарфланган. Туман ва шаҳарлар миқёсидаги харажатларни қўшганда бу рақам янада ортади.

Фарғона вилоятида халқ таълими соҳасини қўллаб-қувватлаш, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган амалий ишлар келгусида янада кенгроқ кўламда давом эттирилади.

 

М.Сулаймонов, 
ЎзА