Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотидаги улиши ортяпти
16:30 / 2020-11-13

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат бюджетининг 60 фоиздан ортиқ маблағлари айнан ижтимоий соҳалар ривожига йўналтирилмоқда.

Собир ТУРСУНОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

педагогика фанлари доктори

Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларининг келгуси 10 йилликда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларининг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди. Галдаги вазифа эса биз, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари мазкур белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалиётга татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.

Хабарингиз бор, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонида Илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Яқинда давлатимиз раҳбари “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзолади. Ушбу муҳим ҳужжат мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Бугунги кунда иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари юқори бўлган дунё мамлакатлари ўз вақтида мамлакат ёшларининг таълим-тарибияси ҳамда илм-фан ривожига давлат бюджетидан ялпи ички маҳсулотга нисбатан юқори даражадаги маблағларни ажратган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда Давлат бюджетининг 60 фоиздан ортиқ маблағлари айнан ижтимоий соҳалар ривожига йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг юртимиз ялпи ички маҳсулотидаги улиши ортяпти.

Ушбу Фармон орқали 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш белгилаб берилди. Бунинг натижасида қисқа фурсатда мамлакатимиз илм-фани соҳасига замонавий технологиларни жорий қилиш, ёш авлоднинг илмий-инновацион фаолият юритишини тўлақонли қўллаб-қувватлаш имконияти яратилади.

Илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш, 2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш белгилаб берилмоқда.

Фармонда илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланиши, 2021 йил 1 январдан бошлаб илмий ташкилотлар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий қилиниши, илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар, фан намояндалари ва етакчи олимларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилиниши ва бошқа вазифалар белгиланган.

Шунингдек, фармонда олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олиниши ва нострификация қилиниши (эквивалентлиги қайд этилади) каби вазифалар ҳам назарда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарии томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш биз, депутатлар зиммамизга янада масъулият юклайди.