Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизимидаги ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан кадрларга, соҳа раҳбарларига боғлиқ
15:06 / 2022-07-10

Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, мактаб таълимини сифат ва самарадорлик жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, Давлатимиз раҳбари мактаблардаги муҳитни яхшилаш мақсадида бошқарувни ислоҳ қилиш, халқ таълими бўлими мудирлигига ва мактаб директорлигига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан малакали мутахассислар жалб этиш ва бошқа муҳим масалалар бўйича қатор тавсиялар берди.

Айниқса, Президентимиз “Мактаб ўзгармаса, жамият ўзгармайди”, “Мактабга эътибор умумхалқ ҳаракатига айланиши керак”, “Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб энг ҳурматли инсон муаллим бўлади”, ва ниҳоят ҳокимларнинг мактабларга эътибори янада ортиши борасидаги фикрлари орқали умумий ўрта таълимни ислоҳ қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш йўлларини аниқ кўрсатиб берди. Қолаверса, муҳтарам Президентимиз томонидан мактаб таълими соҳасида сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши таҳлил қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини янада ошириш, ислоҳотларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб берди. 

Кейинги йилларда узлуксиз таълим тизими жараёни, хусусан, халқ таълимида, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишларида хато ва камчиликлар, қатор муаммолар юзага чиқаётганидан кўз юма олмаймиз, албатта. Президентимиз олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар кутилган натижаларни бермаётганлиги, мактабларда инновацион технологиялардан фойдаланишдаги нуқсонлар, педагог ходимларнинг эски услубда ишлашдан воз кеча олмаётганлиги, илғор иш услублари амалиётга суст татбиқ этилаётганини, педагогларнинг малакасини ошириш тизими талабга жавоб бермаётганлиги кескин танқид қилди. Жумладан, республикадаги 852 та мактабларда таълим сифати, педагоглар салоҳияти ҳамда ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш даражаси пастлиги, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, уларнинг замонавий ахборот технология воситалари билан жиҳозланиши айрим вилоятларда талаб даражасида эмаслиги рўй-рост айтиб ўтилди. 

Бугун мамлакатимизда ёш авлодга таълим ва тарбия бериш бўйича зарур норматив-ҳуқуқий асослар тўла яратилган. Жумладан, ишлаб чиқиб, қабул қилинган мактабгача ва халқ таълими ҳамда олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича Концепциялар мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатлар асосида мутахассислар, тажрибали устозлар, қолаверса, ҳокимлар ташаббуси билан амалий-услубий тавсиялар, таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётганлиги албатта, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. 

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Андижон давлат университети Педагогика институти томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича вилоятдаги кўплаб умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. 

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” йўналишидаги 37-50 - мақсадларда таълим тизимида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев: “Кўпчилик зиёлилар қатори мен ҳам бир фикрни катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди”, деган фикрларни бежиз айтмади. Чунки  маърифатпарвар жадидчилик ҳаракатининг намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдуршидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат сингари кўплаб маърифатпарварларимиз  маърифат учун курашни уч йўналишда: мактабларни ташкил қилиш, маданий-маърифий жамиятларни тузиш, истеъдодли, иқтидорли ёшларни хорижий мамлакатларда ўқитишдек муҳим вазифаларни ўз олдиларига бош мақсад қилиб қўйган эдилар.  

Уларнинг ғояси - давлат ва жамиятнинг ривожланиши ҳамда тараққиётига тўсқинлик қилувчи маънавий, маданий ва маърифий қолоқликни, саводсизлик ва бошқа салбий жиҳатларни бартараф этишга, провардида жамият тараққиятини, халқимиз маданияти, маърифатини юксакларга кўтаришга йўналтирилган эди. Устоз муаллим Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган гаплари фикримизга бир мисолдир. 

Истиқлол туфайли ушалмаган орзу-умидларга эришиш имкониятига эга бўлдик. IX-XII ва XV асрларда, яъни Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида жаҳон тан олган буюк мутафаккир олимлар Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Навоий, Замахшарий, Хондамир, Фаробий, Бобур каби аждодларимизга муносиб ёш авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш учун зарур шарт-шароитлар юзага келди. Президентимизнинг: “Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги - III Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд”, деган сўзларини эслаш ўринлидир. 

Ана шундай улуғвор мақсадларга эришиш йўлида зарур ишлар амалга оширилди. Бугун барча вилоятларда Президент мактаблари, турли фанларга ихтисослаштирилган замонавий мактаблар ташкил этилди, янги-янги олий ўқув юртлари фаолияти йўлга қўйилди. Яна бир қувонарли жиҳат Ўзбекистон Миллий университети “QS dy Sudject Ranking”да “Математика” соҳасида эришган ютуқларига кўра, дунёнинг кучли 500 талик университетлар қаторидан ўрин олди. Бундан ташқари, ёшларни олий таълимга қамров даражаси тўрт йил аввалги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. 2026 йилга бориб ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.  Ушбу натижалар буюк мақсадларга эришиш йўлидаги илк қадамларимиздир. 

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган ишлар самараси ўлароқ, институтимиз Андижондаги Президент мактаби билан замонавий илғор методикаларни (UNIVERSITY of CAMBRIDGE) амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди. Мақсадимиз, таълим-тарбия соҳасининг бўлажак мутахассисларини янги методикалар асосида тайёрлаш, шу билан бирга, халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришдан иборат.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик доирасида мактабларига амалий-услубий, илмий-методик ёрдам кўратиш учун институт профессор-ўқитувчилардан иборат “Мобил методик” гуруҳлар ташкил этилиб, қатор рейтинг кўрсатгичи паст мактабларга ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Шу ўринда таълим-тарбия, маънавият соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган мутахассис сифатида таълим тизимдаги айрим муаммоларга барҳам беришда ўрта таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш мақсадида, уларнинг бир ташкилотни узоқ йилллар бошқаришларига чек қўйиш, агар раҳбарликка муносиб бўлса, ротация амалиётини жорий этиш, таълим сифатини оширишда устозларнинг ролини эътироф этган ҳолда, уларнинг малакасини оширишга мўлжалланган рақобатбардош ҳудудий марказлар ташкил этиш, таълим муассасаларига раҳбарларни, педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилишни янада такомиллаштириш, бунда Жамоатчилик кенгашларидан самарали фойдаланиш, таълим муассасаларида янги замонавий технологиялар асосида машғулотлар олиб боришда аввало, раҳбарлар ўзлари ибрат кўрсатиши, сўнгра бошқалардан қатъий талаб этиш механизмини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини муҳим, деб ҳисоблайман.

Бир сўз билан айтганда, бугун таълим соҳасидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш энг аввало, кадрларга, қолаверса, тажрибали ва масъулиятли раҳбарларга кўп жиҳатдан боғлиқ.  Шу боис, раҳбар кадрларни тайинлашда билимдон, мулоҳазали, фидойи ҳамда масъулиятни мутахассисларни тўғри танлаб, уларга имконият беришимиз лозим. Шундагина биз таълим соҳасида кутилган натижаларга эришамиз. Энг асосийси, Президентимиз таъкидлаганидек, III Ренессанс пойдеворини яратадиган янги авлодни шакллантириш учун мустаҳкам замин ярата оламиз. 

Қудратилло ИБАЙДУЛЛАЕВ,
Андижон давлат университетининг Педагогика институти профессори в.б., фалсафа фанлари номзоди.

ЎзА