Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизимида очиқлик ва замонавийлик — замон талаби
13:33 / 2025-10-18

Гулистон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов шаҳар таълим муассасалари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда таълим тизимини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш, “Мактаб – оила – маҳалла” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Мулоқотда раҳбарлар ўз фаолиятидаги ютуқлар ва мавжуд муаммолар ҳақида очиқ фикр билдиришди. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билимга бўлган қизиқишини ошириш, ҳар бир боланинг қобилиятини тўлиқ намоён этиш, замонавий педагогик усулларни амалиётга татбиқ этишдаги тажрибалар ўртоқлашилди.

Тадбир доирасида “Ақлли мактаб” электрон тизими тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Янги тизим орқали ота-оналар фарзандларининг дарслардаги иштироки, баҳолари ва давоматини реал вақт режимида кузатиб бориш имкониятига эга бўлишади. Бу эса таълим жараёнида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, мактаб ҳамда ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

–  Давлат раҳбари таълимни мамлакат тараққиётининг энг устувор йўналиши сифатида белгилаган. “Миллат келажаги мактабдан бошланади” деган ҳаётий фикр ҳар бир педагог фаолиятининг бош мезони бўлиши керак, –  деди Эркинжон Турдимов. –  Биз ҳар бир бола ўз қобилиятини тўлиқ намоён эта оладиган муҳитда ўқиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратишимиз лозим. Бу — бугунги кун талаби.

Учрашув якунида таълим муассасаларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, мактаб инфратузилмасини янгилаш ва ўқув жараёни самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, ҳоким томонидан ҳар бир мактаб раҳбарига инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илғор педагогик тажрибаларни жорий этиш ва таълим жараёнини мунтазам таҳлил қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири