Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбарияти ҳамда бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар Фарғонадаги “KIUF – Ўзбекистон – Корея” халқаро университети фаолияти билан танишди.
Таълим ва тажриба алмашишга қаратилган амалий ташрифда Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Анваржон Маҳкамов бошчилигидаги делегация аъзолари ўқув муассасаси таъсисчиси Парк Жун Хо ва унинг педагогик жамоаси билан биргаликда ўзаро ҳамкорлик, замонавий таълим интеграцияси ҳамда келгусида амалга ошириладиган устувор масалалар доирасида мулоқот ўтказди. Таълим борасидаги шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани қайд этилди. Таъсисчи томонидан шу йилнинг ёз ойларида биргаликда Корея Республикасидаги ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бир қатор заводлар фаолияти билан танишиш таклифи билдирилди.
Ҳозирги кунда 2 минг 117 нафар талаба, 50 нафар профессор-ўқитувчини қамраб олган халқаро олийгоҳ фаолияти, факультет ва йўналишлар, “3+1” дастури асосида Жанубий Кореядаги олтита ҳамкор олий таълим муассасаларининг бакалавр дипломини қўлга киритиш борасидаги маълумотлар наманганлик ўқувчиларга манзур келди.
Ташриф давомида машинасозлик, архитектура, ахборот технологиялари амалиёт хоналари мактаб битирувчиларига таништирилди. Ҳамкорлик доирасидаги масалалар юзасидан фикр билдирилиб, алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган йўналишлар белгилаб олинди. Таъкидлаш жоиз жорий йилнинг апрель ойида мазкур халқаро университет ҳамда Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида 11-синф битирувчилари ўртасида “KIUF” олимпиадаси ўтказилиши режалаштирилган. Икки босқични қамраб олган ушбу билимлар синовида юқори учта ўринни эгаллаган ўқувчилар тўрт йиллик грант асосида ўқиш имтиёзини берувчи ваучер ва сертификатга эга бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА