Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларидан бири бўлган таълим олиш ҳуқуқи Конституцияда мустаҳкамланиши жамиятимиз ривожи учун беқиёс аҳамиятга эга.
Референдумда иштирок этаётган зиёлилар мана шу меъёрлар мустаҳкам қарор топиши учун овоз бермоқда.
–Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар қаторида айнан таълимга оид янги қоидалар қўшилгани мамлакатимизнинг юксалиш ва тараққиёт томон юзлангани исботи ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти Бахтиёр Азимов. – Референдумда иштирок этиб, таълим тизими ривожи учун овоз бердим.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Ушбу қоидада айнан “ҳар ким” жумласидан фойдаланилгани жуда муҳим. Гап шундаки, таълим олиш ҳуқуқида субъектнинг айнан “ҳар ким” деб тавсифланиши Ўзбекистон таълим тизимида камситишга йўл қўйилмаслигини англатади.
Шунингдек, бу моддада давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил тур ва шакли ҳамда давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаши белгиланмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА