English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизими комплекс янгиланишлар даврига қадам қўймоқда
10:42 / 2025-09-17

Муносабат

Бугунги глобаллашув ва рақобат остида жаҳон мамлакатлари тараққиётининг асосий мезони – инсон капиталига боғлиқ бўлиб бормоқда. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълим соҳасига алоҳида устувор аҳамият бериб, уни Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик йўналиши сифатида белгилаб келмоқда.

Хусусан, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган учрашувдаги нутқида Президент таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни таҳлил қилиб, галдаги муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб берди. 

Жумладан, охирги саккиз йилда мамлакат иқтисодиёти икки баробар ўсиб, ЯИМ 130 миллиард долларга етди. Бу эса давлат бюджетидан таълим ва илм-фанга ажратиладиган маблағларни кескин ошириш имконини берди. Сўнгги йилларда ушбу соҳаларга 378 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бирга, олтин-валюта захиралари 50 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми 25 миллиард долларга етказилди, инвестициялар эса хомашё эмас, қайта ишлашга йўналтирила бошлади. Бу ҳолатлар таълим соҳасига доимий ва барқарор маблағ манбаларини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Шунингдек, мактабгача таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қамров даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан 2025 йилда 78 фоизгача ошди. Янги имтиёзлар орқали қамров 80 фоизга етказилиши кутилмоқда. Таҳлил қилиб кўрсак, бу ўзгаришлар болаларнинг эрта ривожланишига катта ҳисса қўшади, чунки илмий тадқиқотларга кўра, мактабгача таълим болаларнинг келажакда муваффақиятини 30-40 фоизга оширади.

Авваллари 4 мингга яқин маҳаллада боғчалар мавжуд эмас эди. Ҳозирги кунда эса 38 минг боғча фаолият юритмоқда, уларнинг кўпчилиги хусусий сектор асосида ишламоқда. Муҳим жиҳати, боғча тарбиячиларига тўланадиган маош мактаб ўқитувчилари даражасига тенглаштирилди. Бу эса соҳага юқори салоҳиятли кадрларни жалб этиш ва уларни ушлаб қолишда муҳим омил бўлмоқда.

Янги таълим сиёсатида мактаб битирувчиларини касб ёки олий таълимга мақсадли тайёрлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун 9 ва 11-синфларда ягона давлат имтиҳонлари жорий этилмоқда. Бу жараён ҳар бир ўқувчининг индивидуал қобилиятини ҳисобга олган ҳолда унинг таълим йўналишини танлаш имконини беради.

Шу билан бирга, техникумлар фаолияти қайта кўриб чиқилиб, уларга замонавий стандартлар жорий қилинмоқда. Жумладан, 598 та техникумда янги таълим йўналишлари дуал таълим асосида ташкил этилди. Халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Германия, Корея, Буюк Британия билан ҳамкорликда 100 га яқин техникумда BTEC ва бошқа халқаро ўқув дастурлари жорий этиляпти. Бу орқали битирувчилар нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатдош кадр сифатида тайёрланмоқда.

Таълимдаги муҳим босқич – олий таълим соҳасида ҳам сўнгги саккиз йилда улкан ўзгаришлар кузатилди. Олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди. Ўқув дастурларининг мазмуни қайта кўриб чиқилди, таълимнинг амалий жиҳатларига эътибор кучайтирилди. Ёш олимларнинг илмий лойиҳаларига грантлар ажратиш тизими йўлга қўйилди. 

Қолаверса, Ўзбекистон таълим тизими жаҳон таълим меъёрлари билан интеграциялашмоқда. Яқин йилларда халқаро эътироф этилган университетлар сонини 4 тадан 10 тагача кўпайтириш режалаштирилган. 2026 йилда Марказий Осиё таълим форумини ташкил этиш ва Ўзбекистонни минтақавий таълим марказига айлантириш – миллий таълим стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.

Президент таълим тизимини модернизация қилишда энг муҳим омил сифатида ўқитувчининг жамиятдаги мақомини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, педагогларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 йиллик иш стажига эга бўлган олий тоифали ўқитувчиларга ипотека кредити дастлабки бадалининг 25 фоиз қисми қоплаб берилади, уларнинг фарзандлари учун олий таълим контрактларига 30 фоиз чегирма, компьютер хариди учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ҳамда олий баҳолар билан бакалаврни тамомлаганларга автоматик равишда тоифа берилиши шулар жумласидан.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари бу шунчаки институционал ўзгаришлар эмас, балки янги авлодни замонавий билим, касб ва рақобатбардошликка йўналтиришга қаратилган чуқур стратегик жараёндир. Ушбу сиёсат инсон капитали орқали давлатнинг барқарор ва инклюзив тараққиётига хизмат қилмоқда.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА