Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим тизими: амалиёт, ислоҳот ва самара
09:27 / 2023-04-14

Бугунги кунда глобал миқёсдаги ўзаро алоқаларнинг кучайиши натижасида аҳоли ҳаётининг ҳуқуқий, ижтимоий, демографик, диний ва бошқа томонларига таъсири тобора ортиб бормоқда. Мана шундай мураккаб бир пайтда ҳар томонлама билимдон миллий кадрларни етиштириш янада долзарблашмоқда.

Шунинг учун олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурати тобора ортмоқда. Зеро, замонавий тараққиётнинг асосий манбаи шахснинг ривожланиши, унинг ўзини ўзи такомиллаштириши, янгидан янги билимларни ўзлаштириб бориши давр талабидир.

Биз яхши биламизки, олий техник таълимнинг ривожланиш стратегиясини белгиловчи замонавий жамият тараққиётининг асосий тенденциялари умумжаҳон миқёсда белгиланади: "ахборот жамияти", "ахборот иқтисодиёти", "инновацион таълим", "билимлар жамияти", "билимга асосланган иқтисодиёт". Бу атамалар “қуюлтирилган шаклда” иқтисодиёт ва маданиятнинг интеграциялашувини акс эттиради. Америкалик олим, социология фанлари доктори Рональд Инглеҳарт жамият ривожи учун маданий ёки иқтисодий омиллар ижтимоий-иқтисодий ўсишни белгилайдими, деган саволни қўйишнинг ўзи ноўрин дейди. Зотан, маданий омиллар иқтисодий омиллар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу узоқ муддатда баъзи жамиятлар иқтисодий ўсиш суръатларини бошқаларга қараганда анча юқори кўрсатишини энг аниқ тарзда тушунтиради. Иқтисодиёт эса маданият ва сиёсатни белгилайди ёки аксинча. Сиёсий, иқтисодий ва маданий ўзгаришлар чамбарчас боғлиқдир, деб ёзади олим.

Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача бўлган даврда узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурида: “Инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг зарур шарти иқтисодиётнинг динамик ўсишининг асоси бўлган таълим тизимини модернизация қилишдир ва жамиятнинг ижтимоий ривожланиши, фуқаролар фаровонлиги ҳамда мамлакат хавфсизлиги омилидир. Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг стратегик мақсади – бу иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, жамият ва ҳар бир фуқаронинг замонавий эҳтиёжлари жавоб берадиган сифатли таълимнинг мавжудлигини оширишдир”, дейилган. Демак, таълим тизимини тараққий эттириш орқали мавжуд муаммоларни ечиш мумкин. 

Таълим инсоният маданиятининг муҳим ва ажралмас қуйи тизими, жамият ҳар бир аъзосининг индивидуал табиий мойилликларини ўзгартириш ва амалга ошириш асосида унинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш шарти ва шаклидир. 

Дунёда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-маданий, илмий-техникавий ва ижтимоий-психологик жараёнлар динамикасини ўрганиш, тадқиқ этиш, уларнинг моҳиятини тушуниш ва ривожланишнинг устувор йўналишларини прогнозлаш мақсадларни асосли танлай билиш керак. Демак, назоратсиз ўзгарувчан ташқи шароитларда инновацион касбий фаолиятни амалга ошириш учун олий техник таълим субъектларини узлуксиз тайёрлаб бориш, уларни ўз-ўзини тайёрлаш технологиясининг мазмунини кучайтириш, лойиҳалаш ва жорий этиш, вазифаларни белгилаш зарурдир. 

Биз яшаётган дунё жуда тез ўзгармоқда. XXI асрда ҳар қандай мамлакатнинг илмий-техникавий ва иқтисодий ютуқларининг халқаро рейтингидаги ўрни юқори технология ютуқларининг “инновацион оқимлари”нинг интенсивлиги билан белгиланади. Фан, технология, ишлаб чиқариш ва бизнесдаги кетма-кет инновациялар аллақачон замонавий давлатларнинг иқтисодий ривожланиши учун императивга айланди. Шу боисдан ҳам ҳар қандай фаолият соҳасидаги инновациялар аниқ шахслар томонидан амалга оширилади. Сиёсат назариясига кўра, шахснинг инновацион йўналишини ижодий шахснинг ўзига хос сифатида кўриб чиқиш мумкин, чунки у касбий ва ижтимоий ўзини ўзи англаш, янги билимларни яратишда юқори даражадаги эҳтиёждир. Ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар, бу ижодий энергияни тўлдириш учун индивидуал ўзини ўзи ривожлантириш механизмини “ишга тушириш” учун психологик асосдир.

Биз яхши биламиз-ки, постиндустриал жамиятда хизмат соҳаларининг аҳамияти ортади, фан ва таълим асосий ўринни эгаллайди, ижтимоий тизимда эса етакчилик мавқеи олимлар ва касб мутахассисларига ўтади. Энг муҳими, назарий билим янгиликларини киритиш, керак бўлса, сиёсатни шакллантириш манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ахборот олиш, тарқатиш ва ундан фойдаланиш жамият фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Зотан, постиндустриал жамият шароитида муҳандисларнинг касбий малака даражасига, уларнинг инновацион фикрлаш ва ҳаракат қилишга тайёрлигига талаблар доимий равишда ошиб бормоқда. Бу биринчи навбатда битирувчиларнинг касбий соҳада инновациялар яратиш қобилияти олий ўқув даргоҳлардаги касбий тайёргарлик жараёнларининг нечоғлиқ янгилигига, шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг дунё қарашлари, фаолиятининг инновацион йўналишига, таълим ва маданиятнинг инновацион тўйинганлик даражасига боғлиқдир.

Таълимни кенг кўламли модернизация қилиш, шу жумладан, олий таълимнинг босқичли тузилмасига ўтиш ва малакавий ёндашувни жорий этиш шароитида техник олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг муваффақиятли ишлашга касбий, педагогик тайёргарлигини таъминлаш муаммолари ҳамда таълим дастурларини амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. 

Жамият тараққиётида педагоглар фаолиятининг юксак аҳамияти Президентимиз томонидан таъкидланиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашувда: “Ўқитувчи, ҳеч шубҳасиз, ҳаёт йўлини жуда тўғри танлаган шахс. Чунки демократик жамиятни қуриш, бозор иқтисодиётини яратиш, билимли одамларсиз мумкин эмас. Янги Ўзбекистоннинг келажакдаги фуқароси қандай бўлиши ҳам сизга боғлиқ”, дея таъкидлаган эди.

Демак, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари бозор иқтисодиёти ривожланиши шароитида муҳандислар ва магистрларни замонга мос равишда рақобатбардош фаолиятга тайёрлаш учун жавобгар. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг узлуксиз малакасини ошириш битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги сифати замонавий таълим хизматларининг “ажралмас истеъмолчиси”нинг ўзгарувчан эҳтиёжлари ва талабларига жавоб беришини таъминлашнинг зарурий шартидир. Шунинг учун ҳам олий таълим ўқитувчиларининг юқори даражадаги касбий-педагогик малакаси тобора инновацион маҳаллий иқтисодиётни шакллантириш омилига айланиб бормоқда.

Бўлажак бакалаврлар, мутахассислар, муҳандислик ва технология магистрлари учун касбий тайёргарликни таъминлайдиган ўқитувчиларнинг педагогик фаолияти ўзига хос, ажралиб турадиган хусусиятга эга – бу аниқ ижтимоий детерминизм. Фанни кўп талаб қилувчи маҳсулотлар истеъмолчиларининг прогностик талабларига жавоб берадиган “етакчи” инновацион фаолият натижалари иқтисодиётни ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда халқаро техник университетлар тизимида етакчи ўринни ўқитувчилар ва талабалар жамоаларининг яхлит интеллектуал салоҳиятини доимий равишда такомиллаштиришга қодир бўлганлар эгаллаб турибди. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ижтимоий аҳамиятга эга инновацион техника ва технологиялар намуналарини биргаликда ишлаб чиқиш ва бозорга илм-фан талаб қиладиган маҳсулотлар яратиш, сўнгра уларни саноат ишлаб чиқариш босқичига қўллаб-қувватлаш ва юқори талабни рағбатлантириш уларнинг салоҳиятини фаоллаштириш ва “объективлаштириш”нинг муҳим шартидир.

Хулоса ўрнида, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон шароитида талабаларга йўналтирилган аниқ ёндашув бу – замонавий техника ва технологиялар олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг инновацион касбий-педагогик фаолиятини юксалтириш, мақсад эса ҳар бир талабанинг шахсиятини очиб бериш, улар учун зарур ташкилий ва психологик-педагогик шарт-шароитларни яратишдан иборат. Шу боисдан ҳам Ўзбекистоннинг инновацион иқтисодиётини яратишда, ривожлантиришда олий техник университетларининг профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти асосий омил ҳисобланади.

Б.Ш.Усмонов

Тошкент кимё-технология институти ректори, 

педагогика ва техника фанлари доктори,

профессор

ЎзА

 

НБ.