Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим-тарбиянинг оптимал моделларини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди
16:35 / 2025-10-31

Таълим-тарбия жараёнининг самарадорлигини ошириш, узлуксиз таълим тизимида илғор педагогик технологияларни жорий этиш, шунингдек, халқаро тажрибаларни миллий таълим тизимига интеграциялаш ҳозирги даврнинг энг долзарб масалаларидан бири. Шу мақсадда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ва “Science and innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида “Таълим-тарбиянинг оптимал моделлари: халқаро тажрибалар, муаммолар, ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Халқаро конференцияда педагогиканинг бир қатор долзарб масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, таълим-тарбиянинг оптимал моделлари ва уларни узлуксиз таълим жараёнида қўллаш стратегиялари, оптимал моделларни амалиётга татбиқ этишдаги муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, мактабгача ва мактаб таълими тизимида оптимал моделларни қўллаш механизмлари, олий педагогик таълим жараёнида оптимал моделларни жорий этиш стратегиялари, ўқитувчиларни касбий ривожлантиришда оптимал моделларни қўллаш методикалари эътибор марказида бўлди.

Конференцияда 200 дан ортиқ иштирокчи қатнашди, шулардан 110 нафари маъруза билан иштирок этди. Хорижий иштирокчилар қаторида АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Миср, Озарбайжон, Россия, Латвия, Қозоғистон, Тожикистон ва Малайзия давлатларидан жами 13 нафар олим қатнашди. Шунингдек, 100 га яқин маҳаллий олим ва мутахассислар ҳам ўз илмий ишлари билан иштирок этди.

Конференцияга тақдим этилган мақола ва тезислар Польшанинг Index Copernicus, Европанинг Zenodo ва Open Aire, Россиянинг Cyberleninka халқаро базаларида, шунингдек scientists.uz платформасига жойлаштирилди. Улар Google Scholar тизимида индексланади ҳамда ҳар бир мақолага алоҳида DOI рақами берилди.

Халқаро конференция таълим соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш, миллий моделни такомиллаштириш ва ўқитувчилар касбий ривожланишига хизмат қилувчи долзарб илмий восита сифатида катта аҳамият касб этди.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА