Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим-тарбияни ташкил этишнинг инновацион моделлари
16:24 / 2025-12-05

Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Шахсий аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбияни ташкил этишнинг инновацион моделлари ва уни педагогик жараёнга трансформациялаш механизмлари” мавзусига бағишланган Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фан докторлари, амалиётчи педагоглар, тадқиқотчилар ҳамда ёш олимлар иштирок этди.

Конференциянинг асосий мақсади шахсий аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия жараёнини замонавий педагогик ёндашувлар асосида такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, уларни маҳаллий таълим тизимига мослаштириш, таълимни рақамлаштириш шароитида ўқитувчининг касбий компетенциясини ривожлантириш ва таълим жараёнини инсонпарварлик тамойиллари асосида қайта ташкил этишдан иборат бўлди.

Илмий анжуманда соҳа мутахассислари томонидан шахсий таълим траекторияси, санъат ва маънавиятнинг тарбиявий роли, олий таълимда инновацион моделларнинг қўлланилиши, рейтингга йўналтирилган таълим механизмлари, рақамли платформалар ва сунъий интеллектнинг таълим жараёнига таъсири каби кенг қамровли масалалар атрофлича муҳокама қилинди.  

[gallery-26583]

Тадбир доирасида ташкил этилган секциялар илмий-амалий фикр алмашинуви учун самарали майдонга айланди ва педагог касбининг юксалтирилишига оид янгича ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилди.

Конференцияни Тарбия педагогикаси миллий институти директори Холбой Ибрагимов кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида мазкур масалаларнинг аҳамияти ва долзарблиги, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни Ўзбекистон Республикасининг таълим тизимига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Ялпи мажлисдан сўнг 4 та секцияда иш ташкил этилди.

Секция йиғилишларида тақдим этилган бундай кенг мавзулар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 1 февралда имзоланган “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини назарда тутади.

Сўзга чиққан конференция иштирокчилари республикамизда илк бор қабул қилинган мазкур меъёрий ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги, ўқитувчининг ролини сезиларли даражада ошириши, ўқитувчининг касбий фаолиятининг барча муҳим жиҳатларини қамраб олганини таъкидлади.

Конференция юқори савияда ташкил қилиниб, ундаги маърузалар, фикр-мулоҳазалар ва баҳс-мунозаралар илмий ҳамжамият учун катта аҳамиятга эга бўлди. Якунда барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилди, илмий мақолалар тўплами электрон шаклда нашр этилди ҳамда илмий маълумотлар базасига жойлаштирилди.  

Ушбу илмий тадбир педагогика соҳасида янги ғоялар, ёндашувлар ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим платформа бўлиб қолди.

Дилдора ДЎСМАТОВА, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА