Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим-тарбия жараёнида замонавий технологияларнинг ўрни
18:20 / 2024-05-08

Бугун дунёда информацион технологиялар, хусусан, интернетнинг ривожланиши инсонларнинг таълим олиш маданиятини тубдан ўзгартирди. Таълим-тарбия жараёнида замонавий таълим технологияларини самарали қўллаш кенг амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда интерфаол таълим муҳитини яратиш, ўқувчиларнинг тафаккури ва дунёқарашини ривожлантиришнинг инновацион метод ва технологияларини такомиллаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бугунги кун таълимида яратувчилик фаоллигини ошириш мақсадида замонавий таълим концепцияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вазифасига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, қатор муаммолар ва унинг ечимларини илмий жиҳатдан ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.

«International school of finance technology and science» институтида «Замонавий таълим технологияларини такомиллаштиришда фанлараро ёндашувнинг ўрни» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўғрисида"ги ҳамда 2023 йил 28 февралдаги "2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.

Анжуманнинг асосий мақсади – олий таълим муассасаларида замонавий технологиялар асосидаги ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш. Шунингдек, соҳага малакали педагогларни жалб этиш ҳамда талабаларнинг таълим тизимига қизиқишини ошириш бўйича илмий-амалий жиҳатдан асосланган таклифлар ишлаб чиқишдир. Бу жиҳатлар муҳим бўлганлиги боис илмий-амалий конференцияда педагогика, психология, фалсафа, социология, сиёсатшунослик, тарих, табиий фанлар, медиасаводхонлик ва ахборот маданияти ҳамда бошқа фанларни ўқитишда инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, конференцияда психология фанининг таълим ва шахс тараққиётидаги роли, умумтаълим фанларини ўқитишда замонавий таълим технологияларини қўллаш ва фанлараро боғлиқликни амалга ошириш методикаси, замонавий таълим технологияларини такомиллаштиришда ёшларнинг ўрни каби мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Конференция якунида маърузачилар ва иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари, мулоҳазалари асосида резолюция қабул қилинди. 

Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА