Маълумки, шу йил 15 май куни Президентимиз раислигида мактаб таълими тизими юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, соҳадаги натижалар сарҳисоб қилинди, муаммолар таҳлил этилди. Шунингдек, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун ажратилган маблағ 7 карра оширилди. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида мазкур видеоселекторда кўтарилган масалалар мазмун-моҳияти муҳокама қилиниб, фракциялар олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида таълим-тарбия масаласи партиянинг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилиб, видеоселекторда кўтарилган масалалар бўйича қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Қайд этилганидек, бундан етти-саккиз йил олдин боғча қамрови атиги 10-12 фоиз эди ва партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, тинимсиз бу ҳақда бонг урарди. Сўнгги етти йилда бу борада олиб борилган қатъий ва самарали ислоҳотлар натижасида бугун бу кўрсаткич 78 фоизга етиб, болалар қамрови 700 мингдан 2,3 миллионга етказилди. Бугун мамлакатда 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритмоқда.
Фракция аъзолари боғча тарбияланувчиларига ҳаётий кўникмалар, миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдира оладиган, ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган педагоглар зарурлигидан келиб чиқиб, олий маълумотли тарбиячилар тайёрлашни кўпайтириш, бунинг учун иш ҳақини ошириб, тарбиячиликни жозибадор касбга айлантириш таклифларини илгари сурган эди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилариникига тенглашди.
Давлатимиз раҳбари зарарли ахборотларга қарши тура оладиган миллий контент яратиш зарурлигини таъкидлаб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинганини қайд этди. Ушбу марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган ахборот маконидаги контентни таҳлил қилади. Маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма бериб, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади.
Фракция аъзолари бу борада “Миллий тикланиш” партияси узоқ йиллардан буён болалар маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш, тўғри ахборот бериш, уларни тарбиялаш, тафаккурига таъсир кўрсатиш учун миллий контент, анимацион фильмларни яратиш ва улар орқали қадриятларимизни сингдириш масалаларини кўтариб келишини қайд этиб, Президент ташаббусларининг долзарблигини эътироф этдилар.
Йиғилишда видеоселекторда кўтарилган масалалар бўйича фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА