Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар янада такомиллашади
Фарғона вилоятида ҳозирги кунда 948 та умумтаълим мактаби, 1 минг 892 та мактабгача таълим ташкилотлари, профессионал таълим соҳасида 63 та муассаса ҳамда 10 та олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда.
Фарғона вилоятида ҳозирги кунда 948 та умумтаълим мактаби, 1 минг 892 та мактабгача таълим ташкилотлари, профессионал таълим соҳасида 63 та муассаса ҳамда 10 та олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда.
Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 23 та мактабларда 69,8 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 33,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 7 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Халқ таълими тизимида педагогларни мавқеини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. ЮНЕСКО томонидан Фарғона шаҳри дунёнинг энг ўқимишли шаҳарлар рўйхатига киритилди.
Маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан туман-шаҳар халқ таълими бўлими мудирларига хизмат автомашинаси ажратилди. Ҳокимликлар маъмурий биносидан хизмат хоналари берилиб, ҳозирги кунда зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоятда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳасида жиддий ислоҳотларга қадам ташланмоқда. Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама қилиниб, таклифлар эшитилди. Шунингдек, вилоятда амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида миллий таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида модернизация қилиш, билим-маърифатли, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш, таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш ҳамда улар учун зарур шарт-шароитлар яратишдек хайрли ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Фармон таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада такомиллаштириш, жамиятимизда илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни ошириш, ўғил-қизларимизнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Сессияда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш. Долимов, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Абдуллаев, Фарғона давлат университети ректори Р.Мақсудовнинг маърузаси тингланди.
Кун тартибидаги масала бўйича музокараларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров, Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуд Парпиев сўзга чиқди.
Шунингдек, сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун фармон лойиҳасига қўшимча таклифлар тайёрланди. Хусусан, фармон лойиҳасининг тегишли бандларига қўшимча сифатида таклифлар берилди.
Сессияда давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

