Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим-тарбия саломдан бошланади
19:20 / 2021-01-25

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида шаҳар-туман ҳокимларининг ўринбосарлари, таълим ва маънавий-маърифий соҳа мутасаддилари, имом-хатиблар ва отинойилар, меҳнат фахрийлари иштирокидаги йиғилишда Президентимизнинг мамлакат Парламентига Мурожаатномаси ҳамда шу йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектордан келиб чиқадиган вазифалар, бу борада нуронийларнинг роли хусусида сўз борди.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов жойлардаги мутасаддилар томонидан ёшлар таълим-тарбияси борасида нуронийларнинг тажрибасидан етарли даражада фойдаланилмаётганини таъкидлади. Таълим ва тарбия ишларини самарали олиб боришда илмнинг ўрни беқиёс эканлигини тарғиб этиш мақсадида вилоят Нуронийлар кенгаши томонидан тайёрланган маънавий-маърифий, ахлоқ-одоб мавзуидаги қўлланмаларни кенг оммалаштириш кераклигини қайд этди.

- Президентимиз лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини бежизга таъкидлаганлари йўқ, - дейди Тўрақўрғондаги Қашқаргузар маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳамидулло Йўлдошев. - Дарҳақиқат, кейинги пайтларда биз кексаларнинг таъсир доирамиз сезилмай қолди. Очиғи, доно халқимизнинг “Битта болага етти маҳалла ота-она”, деган нақлини унутиб қўйдик. Биз кайвони кексалар ёшларнинг ахлоқ-одоби, ўқиши учун ўзини масъул ва жавобгарлигимизни ҳис этган ҳолда, таклифим мактабларда жорий этилган “Тарбия” дарсларига пенсия ёшидаги фахрий педагогларни жалб этиш керак.

[gallery-901]

Йиғилишда сўз олган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов ўқувчиларни уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоби масаласини жамоатчилик ва фаоллари томонидан кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Жойларда маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини оширишда маҳаллалардаги нуронийлар жамоатчилик кенгашининг ўрни сезилмаётганини, уларнинг фаоллигини кучайтириш лозимлигини билдирди. Бу борада яхши натижага эриша олган фахрийлар “Энг яхши маҳалла нуронийси” номинациясида ғолиб сифатида муносиб рағбатлантирилишини айтди.

- Кейинги пайтларда аксарият ёшларимиз ўзидан катталарга салом беришни унутиб қўйди. Вилоятдаги мавжуд 775 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар бир ходим бир кунда биттадан болани саломлашиш маданиятига ўргатса, ўзининг ғояси, тажрибаси ва илми билан 11 минг боланинг тарбиясини яхшилашга ҳисса қўшган бўлади. Ўсиб келаётган фарзандларимиз, айниқса, 18-30 ёшдагилар тарбиясини тўғри йўналтириб, уларни маънавий қашшоқ бўлиб қолишидан асрашимиз, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, нотинч оилалар билан ишлашга эътиборни кучайтириш лозим. Бу борада бизга нуронийлар бизга қанот бўлишлари керак, - деди Шавкат Абдураззоқов.

Йиғилишда келгусида жойларда “Маҳаллабай” тизими асосида иш ташкил этиб, уйма-уй юрган ҳолда муаммоларни ўрганиш бўйича амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурати), ЎзА