French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим стандартларини такомиллаштириш ва халқаро тажриба
13:42 / 2025-08-18

Маълумки, таълим сифатини юксалтиришда давлат таълим стандартларини халқаро талабларга мос тарзда такомиллаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан UNIСEF ва Cambridge University Press & Assessment ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича маҳаллий мутахассислар учун семинар-тренинг ташкил этилмоқда.    

Ушбу семинар-тренингдан кўзланган мақсад халқаро тажриба ва миллий тизимнинг устувор жиҳатларини уйғунлаштириш, ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослигини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, ўқув дастурларини компетенцияга асосланган таълим талабларига мос равишда такомиллаштириш, уларнинг изчиллиги ва узвийлигини таъминлаш, таълим жараёнига илғор методик ёндашувларни жорий этишдан иборат.  

– Ушбу тренинг мамлакатимизда таълим соҳасида кечаётган ислоҳотларнинг жадаллашувига кўмак беради, – деди Республика таълим маркази математика фани бўйича методист Баҳодир Ҳайдаров. – Таълим соҳасидаги жараёнлар билан кенгроқ танишиш мақсадида ўтган йили Кембрижга бориб, кўп тажрибалар, янгиликларни ўргандик. Кейин 9 ой давомида барча фанлардан ўқув стандартлари, дастурларни қайта тайёрлашга киришилди. Бу борада ишчи гуруҳнинг 200 нафардан ортиқ аъзолари ўқитилди. Таълим бўйича давлат стардартларининг янгича варианти тайёрланди. Ушбу семинарда бу борадаги ишлар кенг ва атрофлича таҳлил этилади.  

Дарҳақиқат, мазкур семинар-тренинглар умумтаълим фанлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш жараёнига жалб этилган маҳаллий мутахассислар, хусусан, олимлар, амалиётчи  ўқитувчилар ҳамда методистлар учун ташкил этилди.  

Семинар машғулотлари пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Кембриж ташкилотининг 8 нафар халқаро экспертлари томонидан олиб борилмоқда.  

Тренингларда 125 нафар маҳаллий мутахассисларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан салоҳияти оширилади.  

Семинар-тренинг давомида ўқув дастурларини лойиҳалаш моделлари, бош мақсадлари, мазмун қамрови, ўқув дастурларини мувозанатлаш, ўзаро кесишувчи хусусиятлар, ўқув дастурларининг узвийлиги, мақсадларнинг аниқлиги, контекстнинг аҳамияти, “тенглик–хилма-хиллик-инклюзивлик-мансублик” хусусиятлари каби мавзулар атрофлича муҳокама этилади.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири