French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик
18:50 / 2022-07-19

“Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти икки қардош халқлар ўртасида маданий-гуманитар муносабатларни янада жонлантириш йўлида ўзига хос дўстлик рамзига айланди. Маълумки, Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини азалдан умумий тарих, муштарак урф-одатлар, диний ҳамда буюк аждодлар мероси сингари дўстлик ришталари боғлаб туради. Ўзбекистон бугунги кунда қўшни Афғонистон билан барча соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқаларини тобора ривожлантириб бормоқда.

Ўтган давр ичида “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти ташаббуси асосида Афғонистон ёшлари билан мунтазам учрашувлар, давра суҳбатлари ва мулоқот ўтказиш орқали Ўзбекистоннинг Афғонистон ёшларини ўқитиш, икки мамлакат ёшлари ўртасида маданий тарғибот ишларини жонлантиришга оид кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

“Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўртасидаги Ҳамкорлик келишувига мувофиқ, Термиз давлат университетида “Алишер Навоий ва Ҳамза Шинворий шеъриятида умумбашарий ғоялар талқини” мавзусида адабий кеча ўтказилди.

Тадбирни марказ директори О.Рўзиев олиб борди. Адабий кечада “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти аъзоси С.Қорабоев, ТДШУ доценти Р.Алимухамедов, ТерДУ профессор-ўқитувчилари Б.Муҳиддинов, Нисор Аҳмад Эмодий, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази вакили С.Тўраева ва афғонистонлик талабалар мавзу доирасида ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Тадбирда, шунингдек, ўзбек ва афғон талабалари Ҳазрат Навоий ва Ҳамза Шинворийнинг ижодидан намуналар ўқидилар, қўшиқлар куйладилар.

Шак-шубҳасиз, бу тадбир адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳамда халқларимиз орасида тарғибот ишларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги таълим алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 5 апрелида мазкур йўналишда Тошкент давлат шарқшунослик университетида Афғонистоннинг таниқли жамоат ва давлат арбоблари ҳаёти ва ижоди билан Ўзбекистон жамоатчилигини таништириш мақсадида “Афғон мумтоз адабиётининг буюк вакили Хушҳолхон Хаттак ижодида тинчлик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик масалалари” номли ижодий кеча ташкил этилган ва бу ҳақида Афғонистоннинг нуфузли “Kabul Times” газетасининг 2022 йил 14 апрелдаги сонида Суҳроб Бўроновнинг мақоласи чоп этилган эди.

Х.Алимова,

“Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик

жамиятининг ижрочи директори,

ТДШУ профессори