Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим соҳасида янги стартап ташаббуслар йўлга қўйилади
19:59 / 2026-02-13

2026-2027 ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги мактаб, техникум ва касб-ҳунар коллежларида янги таълим ташаббуси – “маҳорат ва бизнес соати” ўтилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хабар беришича, ёшларда  тадбиркорлик  кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мазкур дастур доирасида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни  ўқувчилар ўз стартап ғояларини нафақат ота-оналари ва устозлари, балки ишбилармон ва илмий доира экспертларига ҳам тақдим этади. Мактаб стартап маҳсулотлари маркетплейсларда жойлаштирилиб, бу бўлажак тадбиркорларга реал бозорни ҳис қилиш ва  ўз ғояларидан даромад олиш имконини беради. 

Бундан ташқари, ўқувчилар “Энг яхши стартап ғоялар” танловларида иштирок этиши мумкин бўлади. Танловнинг туман босқичи ғолиблари 5 миллион сўм,  вилоят босқичи ғолиблари эса 10 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланади. Бу ёшларнинг фаол иштирок этиши, уларда ўз билим ва имкониятларига бўлган  ишончи мустаҳкамланишига туртки бўлади. 

1 апрелга қадар краудсорсинг орқали  давлат ташкилотлари ва корхоналарининг  реал вазифаларини ҳал этиш имконини берадиган онлайн-платформани ишга тушириш режалаштирилган. Ташкилотлар ҳар йили лойиҳалар муаллифлари билан учрашиб, “стартаплар куни”ни ўтказади ва уларни жорий қилиш  салоҳиятини баҳолайди. Бу таълим муҳити ва  давлатнинг амалий эҳтиёжлари ўртасида кўприк яратиб, ўқувчи ва талабаларнинг ғояларини амалий ечимларга  айлантиради. 

Шу тариқа таълим тизими  реал тадбиркорлик  лойиҳалари учун  платформага айланади. Мактаб, университет ташаббуслари ва грантлар ёшлар учун улкан имкониятларни очади.  Мактаб, техникум ва касб-ҳунар коллежлари нафақат билим олиш маскани, балки тўлақонли инновациялар инкубаторига айланади. 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА