English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим соҳасида коррупцияни олдини олиш – энг долзарб масала
15:51 / 2021-12-04

Юртимизда “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Аксилкоррупция ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Бунда барча вазирлик, ташкилот ва агентликлар йил давомидаги ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилган ҳолда коррупция аломатларини аниқлаш ва бу ҳолатларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Шундай давра суҳбатларидан бири Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида ташкил этилди.

“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида Таълим инспекцияси раҳбарияти ва ходимлари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими иштирок этди.

Давра суҳбати давомида Таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш бўйича шу пайтга қадар амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жорий йилнинг январь ва февраль ойларида Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини шаффоф ва адолатли баҳолаш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Таълим инспекцияси фаолиятининг илк кунлариданоқ асосий эътиборни тизимдаги коррупция ҳолатларини бартараф этишга қаратганини таъкидлаб ўтишди.

Таълим инспекцияси кўрсатаётган давлат хизматлари сифатини доимий равишда ошириб бориш ва турли коррупцион омилларни бартараф этиш мақсадида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёнида ўқитувчилар ҳамда хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича мурожаат қилган талабгорлар ўртасида сўровномалар ўтказиб бориш доимий йўлга қўйилган. Сўровнома натижалари асосида ушбу жараёнларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари ва фуқароларни алдаб фирибгарлик билан шуғулланаётган шахслар тўғрисида маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилиб борилмоқда.

Шу билан бирга Таълим инспекцияси таълим тизимидаги коррупцияни келтириб чиқараётган ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Таълим инспекцияси таклифлари асосида таълим тизимида қабул, кириш имтиҳонлари, талабалар билимини баҳолаш жараёнларининг адолатли ва шаффоф тизими жорий этилди.

Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш ёки аттестациядан ўтказиш жараёнида ўқитувчилар, таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналарининг таълим соҳасидаги мавжуд коррупция ҳолатлари бўйича фикри сўровномалар ўтказиш орқали мунтазам ўрганиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича таълим бошқарув органлари ва таълим ташкилотларига тақдимномалар киритилмоқда.

Шунингдек, таълим ташкилоти жамоаси билан биргаликда учрашувлар ташкил этилиб, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилмоқда. Айниқса, бунда таълим олувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали бу каби иллатлар билан самарали курашишга эришилмоқда.

Таълим сифатини баҳолаш жараёнларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш учун шаффофликни оширишга, замонавий АКТдан фойдаланиб, инсон омили таъсирини камайтириш ва жараёнларни соддалаштириш чоралари кўрилган. Шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида таълим муассасаларини лицензиялаш, хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитация жараёнлари тўлиқ электронлаштирилган.

Хусусан, хорижий дипломларни тан олиш ва педагоглар аттестацияси малака (тест) синовлари реал вақт режимида, барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган хоналарда онлайн тарзда ўтказилмоқда. Жараёнда шаффофликни таъминлаш учун жалб этилган назоратчилардан ташқари, синовлар кузатув камералари орқали ҳам ёзиб олинмоқда. Синовларда иштирок этаётган талабгорлар тестни якунлаши билан ўзи қайд этган натижани билиб олишмоқда.

Хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича тизимдаги мавжуд сунъий ва бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш орқали халқнинг оғирини енгил қилиш, фуқароларни ортиқча сарсон қилмасдан уларга сифатли давлат хизматларини кўрсатишни устувор мақсад қилиб қўйилди. Жараённи соддалаштириш, унда инсон аралашувини камайтириш мақсадида илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда икки босқичли тизимдан воз кечилиб, фақатгина мутахассислик бўйича бир босқичдан иборат тест синовлари ўтказилмоқда.  

 

Давра суҳбати якунида Таълим инспекцияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида таълим соҳасида коррупциянинг олдини олиш бўйича режалар белгилаб олинди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА