Бухоро вилоятида умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Жорий йилнинг ўзида вилоятдаги 99 та мактабгача таълим ташкилоти ва 201 та мактаб, жами 300 та таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев. – Ушбу мақсадлар учун 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида мактабгача таълим муассасаларида 8 000 нафар тарбияланувчи, умумтаълим мактабларида эса 24 000 нафар ўқувчи учун қўшимча ўринлар яратилди. Айниқса, болалар боғчаси умуман мавжуд бўлмаган 15 та маҳаллада 240 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилди. Шунингдек, спорт залига эга бўлмаган 10 та мактабда замонавий спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди.


Таълим инфратузилмасини яхшилаш билан бир қаторда, иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни камол топтиришга ҳисса қўшаётган фидоий устоз-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш ҳамда уларнинг хорижий давлатларда малакасини ошириш мақсадида жорий йилнинг ўзида маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.


Бухоро вилоятида таълим соҳасига қаратилаётган бундай юксак эътибор эртанги кунга, билимли ва баркамол авлод камолига йўналтирилган мустаҳкам сармоядир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.