Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим соҳаси – мамлакатимиз ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларидан бири
12:26 / 2025-11-26

Сўнги саккиз йил мобайнида мамлакатимиз барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар майдонига айланди. Бу ислоҳотлар марказида, аввало, инсон капитали туради. Шу нуқтаи назардан ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимида амалга оширилган ўзгаришлар алоҳида эътиборга лойиқдир. 2017-2024 йиллар давомида таълим хизматлари ҳажми 7 бараварга ошиб, 2017 йилдаги 4,4 трлн. сўмдан 2024 йилга келиб 31,9 трлн. сўмга етказилгани таълимга бўлган устувор муносабатнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Бу рақамлар молиявий кўрсаткичларгина эмас, балки таълим сифати, қамрови ва инфратузилмасининг кенгайишига замин яратган ресурслар миқёси ҳақида ҳам тасаввур беради.

Таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида соҳага хусусий секторнинг кенг жалб этилиши ва давлат-хусусий шерикликни ташкил этишни қайд этиш мумкин. Ана шу ёндашув натижасида давлат бюджети ресурсларига қўшимча равишда хусусий ташаббус ва сармоялар жалб қилиниб, таълим инфратузилмасини тезкор янгилаш, замонавий таълим стандартларини жорий этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш имкони яратилди.

Мактабгача таълим қамровини кенгайтиришга қаратилган мақсадли сиёсатнинг амалдаги ифодаси

Соҳада амалга оширилган ислоҳот ва чора-тадбирлар, айниқса, мактабгача таълим тизимида сезиларли натижаларга олиб келди. 2017 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) сони атига 1,4 мингтани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 31 мингдан ошиб кетди. Нодавлат МТТлар сонининг бундай кескин ўсиши, бир томондан, хусусий сектор учун яратилган қулай шароитлар самараси бўлса, иккинчи томондан, давлат томонидан мактабгача таълим қамровини кенгайтиришга қаратилган мақсадли сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.

Натижада, мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамралган болалар сони мутлақ қийматда 932 минг нафардан 2,5 баробарга ошиб, 2,5 млн. нафарга етказилди. Бу нафақат статистик кўрсаткичлар ўсиши, балки кейинчалик умумий ўрта ва олий таълим босқичларида билим сифатини ошириш, меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун мустаҳкам пойдевор шаклланишини англатади.

Умумий ўрта таълим: янги мактаблар, янги ўринлар, янги имкониятлар

Умумий ўрта таълим тизимида эришилган натижаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Республикадаги мактаблар сони 2017 йилда 9 671 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 10 943 тага етказилди. Шу билан бирга, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш эвазига хусусий мактаблар сони 2017 йилдаги 84 тадан 2024 йилда 455 тагача кўпайди. Бу ўзгаришлар таълим хизматлари бозорида рақобатни кучайтириб, таълим сифатига қўшимча туртки берди.

Охирги етти йил мобайнида қурилиш ва реконструкция ишлари ҳам жадал равишда амалга оширилди. 2017 йилда 362 та мактаб реконструкция қилиниб, 47,5 минг нафар ўқувчи ўрни яратилган бўлса, 2024 йилда 608 та мактаб мукаммал реконструкция қилиниб, 180 минг нафардан ортиқ янги ўқувчи ўринлари ташкил этилди. Бу мактабларда ўқувчи болалар сонининг ортиши, синфлардаги зичликни камайтириш ва ўқитиш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда. Шу тарзда, таълим инфратузилмасини модернизация қилиш орқали таълимнинг узлуксизлиги ва сифатини таъминлашга қаратилган комплекс ёндашув амалга оширилди.

Олий таълим: оммавийлашув ва илмий салоҳият 

Ушбу муддат давомида олий таълим муассасалари сонида ҳам тарихий ўсиш қайд этилди. 2017 йилда олий таълим муассасалари сони 77 тани, шундан нодавлат ОТМлар сони 7 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг умумий сони 211 тага етди, нодавлат ОТМлар сони эса 99 тани ташкил этди. Бундай динамика олий таълим тизимининг географияси ва форматини кенгайтириб, аҳоли учун юқори таълимга эга бўлиш имкониятларини анча оширди.

Натижада, олий таълим билан қамров даражаси 23 фоиздан 43 фоизга етказилди. Бу кўрсаткич мамлакатда олий таълим оммавийлашуви, билимга бўлган талаб ва қизиқишнинг ортиб бораётганини кўрсатади. Талабалар сони ҳам сезиларли даражада ошиб, 2017 йилда қарийб 280 минг нафар бўлган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич 4,8 бараварга ошиб, 1,2 млн. нафарни ташкил этди. Ўқувчилар сонига мутаносиб равишда таълим дастурларининг турфа хиллашиши, замонавий йўналишларнинг очилиши ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш имконияти кенгайди.

Илмий тадқиқот ва докторантура

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, докторантура учун ажратилган қабул квоталари сони 2017 йилда атига 247 нафар бўлган бўлса, 2024 йилга келиб 9 026 нафарни ташкил этди. Бу рақамлар олий таълим муассасалари илмий-педагогик кадрларининг кўпайиши, янги авлод олимларини тайёрлаш ва инновацион иқтисодиёт учун зарур бўлган юқори малакали мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган сиёсатнинг амалий натижасидир.

Шу билан бирга, ОТМлардаги умумий илмий салоҳият 2017 йилдаги 32 фоиздан 2024 йил учун 44 фоизга етказилди. Илмий салоҳиятнинг бундай ўсиши университетларнинг тадқиқот марказлари сифатида ролини кучайтириб, уларни фақат таълим эмас, балки илмий-инновацион фаолият марказларига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Таълим – ислоҳотлар марказида

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тақдим этилган юқоридаги рақам ва кўрсаткичлар сўнгги саккиз йил мобайнида таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар изчил ва комплекс характерга эга эканини кўрсатади. 2017-2024 йилларда таълим хизматлари ҳажмининг 7 бараварга ошиши, мактабгача таълимда нодавлат МТТлар сонининг 1,4 мингтадан 31 мингдан ортиқ кўрсаткичгача ўсиши, болалар қамровининг 932 минг нафардан 2,5 млн. нафарга етказилиши, умумий ўрта таълимда мактаблар сонининг 9 671 тадан 10 943 тага кўпайиши ва хусусий мактаблар сонининг 84 тадан 455 тагача ортиши, 2017 ва 2024 йилларда реконструкция қилинган 362 ва 608 та мактабда мос равишда 47,5 минг ва 180 мингдан ортиқ ўқувчи ўринларининг яратилиши, шунингдек олий таълим муассасалари сонининг 77 тадан 211 тага, нодавлат ОТМлар сонининг 7 тадан 99 тагача кўпайиши, қамров даражасининг 23 фоиздан 43 фоизга ошиши, талабалар сонининг 280 минг нафардан 1,2 млн. нафаргача, яъни 4,8 бараварга кўпайиши ва докторантура квоталарининг 247 нафардан 9 026 нафаргача ошиши ҳамда илмий салоҳиятнинг 32 фоиздан 44 фоизга етказилиши таълим соҳаси мамлакат ривожланиш стратегиясининг марказий йўналишларидан бирига айланганини тасдиқлайди.

Бу ислоҳотлар келгусида рақобатбардош иқтисодиёт, замонавий жамият ва инновацион ривожланиш учун зарур бўлган кадрлар тайёрлашга, яъни инсон капитали сифатини юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА