Сирдарё вилоятида таълим соҳасини янада ривожлантириш, илғор педагогик тажрибаларни кенг жорий этиш йўлида навбатдаги муҳим ташаббус амалга оширилди. Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
– Мазкур меморандум таълим муассасалари ўртасида узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва Президент мактабларида жорий этилган илғор таълим тажрибаларини умумтаълим мактаблари амалиётига татбиқ этишни назарда тутади, – дейди Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг махсус фанлар бўйича директор ўринбосари Рустам Азаматов.

Аҳамиятлиси шундаки, ҳамкорлик доирасида СТЕАМ фанларини ўқитишда инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, ўқув жараёнини амалий ва тадқиқотга асосланган усуллар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, таълим жараёни иштирокчилари учун семинарлар, тренинглар, вебинарлар ва очиқ дарслар ташкил этиш орқали тажриба алмашиш ҳамда илғор педагогик амалиётларни жорий этиш режалаштирилган.
– Ушбу ҳамкорлик таълим тизимида сифат ўзгаришларини таъминлаш, илғор тажрибаларни тизимли жорий этиш ва ёш авлоднинг билим ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади, – дейди Рустам Азаматов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири