Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифатини яхшилаш учун янги имкониятлар яратилади
16:32 / 2019-12-20

Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган эди.


Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур қонунни имзолади.

Қонун мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган. Унда соҳага оид таянч тушунчалар билан бирга мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий принциплари белгилаб берилди.

Ушбу принципларга қуйидагилар киради: ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятининг мавжудлиги; ҳар бир боланинг истеъдоди нишоналарини, иштиёқлари ва қобилиятларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар тенглиги; мактабгача бўлган ёшдаги болаларга таълим, тарбия бериш ва уларни соғломлаштиришнинг, оила ҳамда мактабгача таълим ташкилоти тарбиявий таъсирининг бирлиги; мактабгача бўлган ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш уйғунлиги; боланинг шахсини ривожлантиришга йўналтирилган шахсий ёндашув; мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг изчиллиги ҳамда узлуксизлиги; таълим ва тарбиянинг демократик ҳамда дунёвий хусусиятга эгалиги; таълим-тарбия жараёнининг шаффофлиги ва очиқлиги; мактабгача таълим ва тарбия мазмуни, даражаси ҳамда ҳажмининг мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг ривожланиш хусусиятларига ҳамда соғлиғи ҳолатига мувофиқлиги.

Қонунда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари белгиланган.

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, қонунда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти, давлат таълим дастури, таълим бериш тили, мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими белгиланган.

Мактабгача бўлган ёш ва унинг даврлари, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш, гуруҳларни тўлдириш тартиби, парваришлаганлик, овқатлантирганлик ва уларга қараб турганлик учун тўланадиган ҳақ миқдорлари ҳам аниқлаштирилган.

Шунингдек, мактабгача бўлган ёшдаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш белгиланиб, у мактабгача бўлган ёшдаги болаларга қараб туриш ва уларни таъминлашни, уларнинг овқатланишини ташкил этишни, болаларнинг соғлиғини сақлашни назарда тутади.

Шу билан бирга, қонунда мактабгача таълим ташкилотини бошқариш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибига оид нормалар назарда тутилган. Жумладан, улар ким томонидан бошқарилиши ва уларнинг ваколатлари, мактабгача таълим тизимининг илмий-услубий таъминоти ва мактабгача таълим тизимини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш вазифалари очиб берилган.

Қонун таълим тизимида тўпланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, таълим тизимини тубдан яхшилаш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан интеграциялаш, шунингдек, таълим сифатини яхшилаш учун имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни
сақлаш масалалари қўмитаси раиси.