Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифатини таъминлаш бўйича замонавий талаблар
18:57 / 2020-09-25

Таълим соҳасини ислоҳ қилиш шароитида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинганлиги алоҳида долзарб аҳамиятга эга, албатта. Мазкур Қонун дастлаб 1992 йилда қабул қилинган, 1997 йилда унга қўшимча ва ўзгартишлар киритилган.


Таълим соҳасини ислоҳ қилиш шароитида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинганлиги алоҳида долзарб аҳамиятга эга, албатта. Мазкур Қонун дастлаб 1992 йилда қабул қилинган, 1997 йилда унга қўшимча ва ўзгартишлар киритилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида таълим соҳасини такомиллаштириш вазифаси алоҳида белгиланди. Табийки, таълим соҳаси серқирра муносабатлардан иборат бўлиб, ўтган 3 йил вақт мобайнида мамлакатимизда кадрлар тайёрлашда иқтисодий ва бошқарув тизимини ривожланишида катта ўзгаришлар содир бўлди. Амалда бўлган “Таълим тўғрисида”ги қонун таълим сифатини таъминлаш бўйича замонавий талабларга жавоб бера олмай қолган.

Янги ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонунда таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўз аксини топишга ҳаракат қилинган. Қонун мазмунига янги тушунчалар ва институтлар киритилди.

Хусусан, қонунда шу кунгача қонунчиликда назарда тутилмаган мутахассислик, тарбия, таълим, таълим кампуси ҳақида асосий тушунчалар, унга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги, бошланғич таълим олувчиларда умумий ўрта таълимни давом эттириш учун зарур бўлган саводхонлик, билим, малака ва кўникмалар асосларини шакллантириш, таянч ўрта таълим ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчиларга билим, малака ва кўникмаларнинг зарурий ҳажмини бериш, уларда мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш, катта ёшдагилар таълими, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланишга оид ва шу каби янги норма ва қоидалар ўз аксини топди. Ушбу қоидалар қонунга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонун лойиҳаси устида ишлаш жараёнида амалга оширилди. Чунончи, лойиҳани такомиллаштириш давомида 238 та норма ва қоидалар қайта кўриб чиқилди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш имкониятидан фойдаланган ҳолда 123 та норма лойиҳа таркибидан чиқариб ташланди ҳамда 54 та тўғридан-тўғри амал қилувчи модда билан алмаштирилди. Шунингдек, маъмурий бюрократик механизмига доир 7 та модда бутунлай чиқариб ташланди.

Мазкур қонунда ушбу янги норма ва қоидалар ўз аксини топиши натижасида қонун 11-боб ва 75-моддадан иборат тартибда ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси устида ишлаш жараёнида турли ташкилот ва экспертлар томонидан таклиф ва тавсиялар ҳам ўрганиб чиқилди. Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан мазкур лойиҳа биринчи ва иккинчи ўқишларга тайёргарлик кўриш доирасида бир неча бор таклиф ва тавсиялар ҳамда эксперт хулосаси тақдим этилган.

Натижада, лойиҳа барча болалар камситилмаган ҳолда таълим олиш имкониятини берувчи инклюзив таълим, ёши катталарни таълим олиш ҳуқуқини тартибга солувчи, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолиятни тартибга солувчи нормалар билан бойитилди. Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида таълим олувчиларнинг, педагог кадрлар, таълим муассасалари раҳбарларининг жавобгарлиги, таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти йўналишлари аниқ белгиланди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда умумэътироф этилган халқаро конвенциялар қоидалари, шунингдек, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Япония, Германия, Италия, Англия, АҚШ, Франция, Нидерландия, Швеция, Норвегия, Дания, Беларусь, Қозоғистон жами 20 тадан ортиқ хорижий мамлакатларнинг таълимга оид қонунлари синчковлик билан ўрганилди.

Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилишига ҳамда таълим сифатининг яхшиланишига хизмат қилишига умид қиламиз.

Эркин ЗАХИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,
Гулноза САТТОРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Ижтимоий сиёсат, соғлиқни сақлаш масалалари тадқиқот бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди.