– The Accreditation and Rating International Agency халқаро аккредитация ташкилоти вакиллари Андижон давлат чет тиллар институтида бўлди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртларининг таълим дастурларини халқаро талаблар даражасига кўтариш, ўқитишга халқаро тартибларни жорий этиш, халқаро рейтингини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кўплаб олий ўқув юртларида мазкур йўналишдаги ишлар самарали натижалар бермоқда. Жумладан, Андижон давлат чет тиллар институтининг қатор таълим йўналишларидаги ўқув дастурлари халқаро ташкилот аккредитациясидан ўтганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
– Институтимизнинг филология ва тилларни ўқитиш: рус тили бакалавриат таълим йўналишидаги 7 та, хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили бакалавриат таълим йўналишидаги 7 та, жами 14 та ўқув дастури халқаро The Accreditation and Rating International Agency (ARIA) ташкилоти томонидан аккредитациядан ўтказилди. Бу албатта, институтимизда таълим сифатини ошириш, ўқитишга халқаро андозаларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ушбу муваффақият, яъни ўқув дастурларининг халқаро миқёсда тан олиниши, таълим сифатининг юқори босқичга кўтарилганлиги эътирофи нафақат институт рейтингини оширади, балки халқаро стандарт ва талабларга мос, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш имкониятларини ҳам янада кенгайтиради, – дейди Андижон давлат чет тиллар институти ректори, профессор Дилшодбек Рустамов.
[gallery-25328]
Институтга ташриф буюрган ARIA – The Accreditation and Rating International Agency халқаро аккредитация ташкилоти вакиллари жараёнлар муваффақиятли якунланганини тасдиқловчи сертификатларни институт ректорига тантанали равишда топширди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА