Навоий шаҳридаги Президент мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан математика ва инглиз тили ўқитувчилари учун “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Юртимизда мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақида Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида ҳам алоҳида таъкидланган эди.
Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Мазкур тренинглардан кўзланган мақсад Президент мактабларининг илғор тажрибаси билан бўлишиш, ўқитувчиларни замонавий методикалар билан таништириш, таълим соҳасидаги янгиликлар билан ўртоқлашиш ва ўқувчиларда креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришни ўргатишдан иборат.
– 19 йилдан буён ўқувчиларга математика ва информатика фанидан сабоқ бераман, – дейди Навоий шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Инобат Жумаева. – Бугунги кун ўқитувчисидан ўқувчини тайёр билим қабул қилувчи эмас, балки синфда ўқув жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш талаб этилмоқда. Бунинг учун ўқитувчи ўқувчиларнинг қизиқишларини ошириш мақсадида дарсларнинг мазмун ва сифатига эътибор берган ҳолда болаларни фикрлашга, уларни фаоллаштиришга ҳаракат қилиши лозим. Бу борада бугун ўтказилаётган семинар-тренингда кўп нарсаларни ўрганяпмиз. Ўрганганларимни албатта, дарс жараёнларида қўллаган ҳолда ўқувчиларнинг билимини ошириб, фикрлаш доирасини кенгайтиришга ҳаракат қиламан.
[gallery-11117]
Мазкур тренинглар 3 босқичдан иборат бўлиб, 1-босқич онлайн тарзда ташкил этилиб, унда 28 нафар педагог иштирок этган эди. 2-босқичда 2 минг 800 нафар ҳамда 3-босқичида 35 минг 422 нафар ўқитувчиларнинг замонавий педагогик тажрибаларини янада ошириш режалаштирилган. Тренингларнинг учинчи босқичи жорий йил якунига қадар ўтказилиши режалаштирилган. Унда маҳаллий тренерлар томонидан туман (шаҳар) умумтаълим мактабларининг педагогларини қамраб олган ҳолда туман марказидаги умумтаълим мактабларида ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу тренинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида мамлакатимиздаги таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқитишда янги услубларни жорий этиш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусидаги семинар-тренинг эртага ҳам давом этади.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА