Перезидентимиз ўтган йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида инсон манфаатларини улуғлаш ва сифатли таълимга алоҳида эътибор қаратди.
Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари томонидан биз педагоглар, айниқса, олий таълим тизими вакиллари олдига қўйилган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш жуда муҳимдир. Чунки юртбошимиз таъкидлаганидек, юртимизнинг порлоқ келажаги энг аввало, юксак салоҳиятли ёшларга, уларнинг билим ва тафаккур даражасига боғлиқ. Шу маънода бугунги давр биздан таълим сифатини ошириш, малакали олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада юқори босқичга кўтаришни, янада фаол меҳнат қилишни тақазо этади.
Айни кунда институтимизда бакалавр йўналиши бўйича 4 минг 650 нафар талаба, магистратурада 137 нафар магистр таҳсил олмоқда. Уларга 200 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Ўтгган йили нститутимиз ўқитувчиларидан бир нафари фан доктори (DSc), 14 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олди. Бундан ташқари, ўқитувчи ва олимларимиз томонидан 4 та дарслик, 20 та монография, 26 та ўқув ва услубий қўлланма яратилди, илмий ишлар доирасида 28 та муаллифлик гувоҳномаси олинди. Халқаро грантлар асосида учта илмий-тадқиқот амалга оширилди.
Юртбошимиз мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида Андижон давлат чет тиллари институтида амалга оширилиши муҳим вазифалар юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилди ва ижросини таъминлаш бўйича ҳаракатлар бошланди.
Президентимиз умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, хусусан, битирувчиларнинг бирор касбни, иккита хорижий тилини ўрганиб чиқиши бўйича вазифалар белгилаб берилди. Ана шу вазифалар ижросини таъминлашда олий ўқув юрти зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Чунки, мактабга ўқитувчиларни айнан олий таълим муассасаси етказиб беради. Институтни тамомлаб, мактабга ишга борган ёш кадр қанчалик билимдон, ташаббускор ва малакали бўлса, қўйилган вазифани бажариш, ижобий натижаларга эришиш имкониятларимиз янада кенгаяди.
Мурожаатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, институтда ишлаб чиқилган йўл харитасида жорий йил давомида амалга ошириладиган муҳим вазифаларни режалаштириб олдик. Унга кўра, Финляндия, Сингапур, Япония сингари дунёнинг қатор етакчи давлатларидаги олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлар ташкил этиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, йил якунига қадар иқтидорли талаба, ўқитувчи ва олимларимиз томонидан 30 га яқин монография тайёрлаш, 20 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномси олиш, 100 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари нашр қилиш белгиланди.
Бундан ташқари, фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоялари ўтказиш, профессор, доцент илмий унвонлари олган устозлар ҳисобига институт илмий салоҳиятини янада кўтариш кўзда тутилган. Инновацион ривожлантириш агентлиги томонидан эълон қилинган танловларда иштирок этиш, миллий инновацион лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳалар доирасида “Мактабгача таълим, мактаб, ўрта-махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида кўп тилли луғатлар оиласини яратиш”, “Ўқувчиларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш” бўйича ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Институтда таълим сифатини янада яхшилаш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишга масъул ректор маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Ушбу лавозимга муайян тажрибага эга хорижлик мутахассисни таклиф қилганмиз. У халқаро тажрибаларни ўрганиш, институтга трансформация қилиш, ўқитувчиларимизга жаҳон стандартлари асосида услубий тавсиялар бериш сингари қатор йўналишларда иш олиб боради.
Институтимизда таълим сифатини янада ошириш бўйича Ўқув методик маслаҳат кенгаши тузилди. Таркибига 27 нафар профессор-ўқитувчилар, факультет деканлари, кафедра мудирлари ва катта ўқитувчилари киритилган кенгаш фаолият юрита бошлади. Кенгаш олдига қўйилган асосий вазифа таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, янги авлод дарслик ва қўлланмаларни яратишга қаратилган ишларни ташкил этади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўқитувчи учун энг муҳим қурол бу – дарслик ва қўлланмалардир. Ўқитувчи мустаҳкам услубий таъминотга, мустаҳкам базага эга бўлиши муҳимдир. Қачонки, ушбу масала ижобий ҳал этилса, ўқитиш, таълим сифати ҳам ортади.
Институтда таълим сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича қуйидаги йўналишлардаги ишларни амалга оширишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, таълим сифатини ошириш бўйича махсус иш режаси ишлаб чиқиш. Хусусан, институтга жалб этилган хорижлик мутахассиснинг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб иш ташкил этиш. Иккинчидан, ўқитувчиларнинг ўз ишига бўлган масъулиятини, институтни тамомлаётган талабанинг етук мутахассис сифатида жамиятга қўшиш жавобгарллигини ошириш, учинчидан, таълимнинг узликсизлигини тартибга солиш учун “Янги авлод” дарсликларини ишлаб чиқиш, тўртинчидан институтда таълим сифатини ошириш учун хорижий тажрибаларни ўрганиб, фаолиятига кенг татбиқ этиш. Бунда ўқитувчи ва битирувчи талабаларни чет мамлакатларга тажриба олишга юбориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Юқорида қайд этилган ишларни амалга ошириш Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизими педагоглари олдига қўйилаётган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади. Ана шу ишларни самарали бажариш, билимли, малакали педагог мутахассислар тайёрлаш, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш учун астойдил меҳнат қиламиз.
Дилшодбек РУСТАМОВ,
Андижон давлат чет тиллар институти ректори
ЎзА