Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифатини ошириш муҳим вазифа
16:56 / 2023-08-19

Самарқандда “Сифатли таълим – кучли жамият” номли II устозлар миллий форуми бўлиб ўтди. Форумда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги муассасалар директорлари, халқ таълими аълочилари, илғор ва тажрибали педагоглар қатнашди.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган август кенгашлари энди Устозлар миллий форумига айланган. Форумнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб барча педагогларни давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги ва янги ўқув йили билан табриклади. 

– Сизлар билан иккинчи марта устозлар миллий форумини ўтказяпмиз, – деди Э.Турдимов. – Бундан кўзланган мақсад шуки, ҳар бир режамиз, ҳаракатимиз пировардида таълим сифатининг ошишига, унинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган, – деди вилоят ҳокими. – Форумда бу борадаги вазифаларни белгилаш ҳамда ижросини таъминлаш чорасини кўриш учун аниқроғи, юзма-юз, самимий, холисона мулоқот қилиш учун йиғилганмиз. Очиғини айтсам, сизларнинг нурли чеҳраларингизни кўриб, эҳтирос билан гапиргим келяпти. Негаки, устоз, мураббий қалби оҳанрабодек, киши эътиборини ўзига доимо тортиб туради. Ана шу меҳрдан ўз вақтида баҳраманд бўлганлигим учун ҳам унинг қадрига етаман. Ва сизлардек фидойи, билимдон, зукко, меҳрибон устозлар олдида доимо таъзимдаман. Давлат янги мактаблар қуриш, эскиларини таъмирлаш, уларни замонавий технология билан жиҳозлаш, ўқитувчи манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор бермоқда. Буни сизлар ҳам кўриб, билиб турибсизлар. Айниқса, иқтидорли, ташаббускор ўқитувчини рағбатлантириш яхши самара беряпти. Бугунги кунда вилоят бўйича 162 нафар ўқитувчи ҳар ойда ойлик маошидан ташқари 5,5 миллион сўмдан устама оляпти. Чунки улар шогирдларининг аксарияти олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинган, олимпиадалар, ҳатто, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ёки совриндор бўлган. Қувончимиз шуки, бундай ўқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 

Форумда сўзга чиққан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шокир Султонов ўтган ўқув йилида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато-камчиликлар, таълим тизимидаги ислоҳотлар ва янги ўқув йилига тайёргарлик ҳақида маъруза қилди. 

Тадбирда соҳадаги энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди. Ўтган ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг 3845 нафари аъло даражали шаҳодатномага эга бўлди. Шунингдек, 11-синф битирувчиларининг 1601 нафарига олтин ва 172 нафарига кумуш медаллар топширилди. 2022-2023 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 1238 нафари муддатидан олдин талабалар сафига қабул қилинди. Улардан 472 нафари ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасалари талабаси бўлди. 

[gallery-13186]

Форум доирасида янги ўқув йилида мактабгача ва мактаб таълими тизимида таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳада устувор йўналишларни белгилаб олиш, Президент мактабларининг илғор тажрибасини кенг жорий этиш, халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларни самарали жорий қилиш бўйича янги режалар белгилаб олинди. 

Форум сўнггида бир гуруҳ илғор педагоглар вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди. 

Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА