Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт деган вазифа белгиланган эди.
Айни шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим инспекция томонидан жорий йилнинг 14 январь куни Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги 1-сонли таянч мактабда семинар ташкил этилди.
Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Ражиев, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Носиров, Оқолтин туман ҳокими, вилояти халқ таълими бошқармаси, вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш маркази мутасадди раҳбарлари, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича 15 та таянч мактаблар директорлари, Оқолтин туманидаги барча мактаблар директорлари ва тренер-ўқитувчилар иштирок этишди.
Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотларни иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бошланғич 4-синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш – PIRLS дастурининг тажриба-синов тадқиқоти жорий йил октябрь ойида ўтказилди. Ушбу дастур бўйича асосий тадқиқотлар 2021 йил апрель ойида ўтказилиши белгиланган.
Худди шундай, 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолашга йўналтирилган PISA дастурининг тажриба-синовлари ҳам 2021 йил апрель-май ойларида ҳамда асосий тадқиқотлари 2022 йил апрель-май ойларида ташкил этилади.
Мазкур тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўтган йилда республика бўйича 348 та таянч мактаблар белгиланиб бўлиб, ушбу мактаблардан 15 таси Сирдарё вилоятида жойлашган. Мазкур мактабларга яқин ҳудудларда жойлашган бошқа мактаблар уларга бириктирилди ва тренер-ўқитувчилар гуруҳлари шакллантирилди.
Ушбу таянч мактаблари вилоятдаги бошқа мактаблар учун халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик йўналишида мувофиқлаштирувчи ва методик базага эга бўлган муассаса ҳисобланади.
Тадбирнинг биринчи қисмида PISA ва PIRLS тадқиқотларига тайёргарлик бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар, таянч мактабларининг лаборатория жиҳозлари, реактивлар ва зарур компьютер техниклар билан таъминланганлик ҳолати танқидий муҳокама қилинди, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатларни кўрсатган ҳолда режалар белгиланди.
Семинарда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев вилоятда таълим сифатини ошириш бўйича истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтди.
– Давлат раҳбари ташаббуси билан Сирдарё вилояти таълим сифатини яхшилаш, оила-маҳалла-мактаб-ОТМ моделини жорий этиш ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича тажриба майдони сифатида белгиланган.
Мактаб ўқувчиларини келгуси ҳаётга тайёрлашда уларга ўз билим ва кўникмаларидан амалиётда фойдаланишни, мустақил ва мантиқий фикрлашни йўлга қўйиш топшириғи берилган. Биз илк маротаба иштирок этишга тайёргарлик кўраётган тадқиқотларда ҳам айнан ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ҳаётий вазиятларда қўллаш, фикрлаш ва мулоқот қилиш қобилиятлари баҳоланади. Бу вазифани амалга ошириш учун узлуксиз таълим тизимидаги барча ташкилотлар ҳамкорликда ишлаши, олий таълим муассасалари томонидан мактаблар амалий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни кучайтириш лозим.
Бундан ташқари, таянч мактаблар ҳамда уларга бириктирилган 297 мактабларда таълим бериш учун мавжуд моддий-техника база замонавий талабларга жавоб бериши керак. Бежизга Президентимиз томонидан 2021 йилдан бошлаб барча мактаблар рейтинги аниқланади. Унинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳолаш топшириғи берилмади. Бу ўз навбатида маҳаллий ҳокимликларнинг мактаб олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.Ўз навбатида, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари мазкур масалалар алоҳида эътиборга олиниши ҳамда мактаблар замонавий лаборатория жиҳозлари, реактивлар ва мультимедиа воситалари билан қисқа муддатда таъминланиши бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидлади.