Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг навбатдаги ҳайъат йиғилишида 2025 йил давомида умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, жумладан педагог кадрлар аттестацияси, фан олимпиадалари ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
– Хоразм вилоятида 560 та давлат, 33 та нодавлат мактаб мавжуд бўлиб, уларда 372 минг 48 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, – дейди Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров. – Ўқувчиларимизга 33 минг 848 нафар педагог таълим ва тарбия бериб келишмоқда. Педагогларимизнинг 6 минг 660 нафари олий тоифали бўлиб, 9 минг 472 нафар педагог малака ошириш курсларидан ўтган. Дарвоқе, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича сўнгги йилларда Хоразм вилояти Республикада етакчилик қилиб келмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, вилоятдаги битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи 2024 йил учун 56,1 фоиздан 2025 йилда 57,2 фоизга кўтарилди. Натижада олий таълимга кириш ўтган йилгига нисбатан 1,1 фоизга, ўртача кириш балли эса 80,9 га етиб, олдинги йилга нисбатан 4,1 балл ўсган.
Шунингдек, йиғилишда маънавий-маърифий ишлар доирасида ўтказилган тадбирлар ва кўрик-танловлар натижадорлиги, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида 2025 йилда молиявий масалалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан атрофлича таҳлиллар берилди.
[gallery-27070]
Ҳайъат аъзолари томонидан кўтарилган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таълим сифатини янада ошириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтириш ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш бўйича тегишли қарор ва топшириқлар қабул қилинди.
Тадбир якунида фаолияти самарали бўлган таълим муассасаси директорлари рағбатлантирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари