АОКАда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бўлим бошлиғи Шавкат Хўжақулов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Марказ томонидан истиқболда бир қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, умумий ўрта таълимда ўқитиш натижаларини баҳолаш концепцияси ҳамда “Таълим дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш концепцияси”, “Узлуксиз таълим тизими луғати”, Таълим сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиш учун миллий сўров тизими ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, “Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ва таълим курсларини моддий-техник жиҳозлашга қўйиладиган талаблар”, “Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартини ишлаб чиқиш бўйича қўлланма”, “Умумий ўрта таълим учун ўқув-методик комплекслар яратиш, экспертиза ва синовдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланди.
“PISA – 2025” асосий тадқиқотлари учун баҳолаш материаллари, қўлланмалар, назорат шакллари ва “TIMSS – 2023” халқаро тадқиқот энциклопедияси материаллари тайёрланмоқда.
Инсон капитали ва XXI аср кўникмаларини ривожлантириш мақсадида узлуксиз касбий таълим ва ҳаёт давомида таълим бўйича халқаро тажрибалар таҳлил қилинмоқда.
Нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун самарали механизмларни жорий этиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига, мактаб битирувчиларининг давлат якуний аттестацияси ва Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификациялаш бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тавсиялар юборилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА