Навоий давлат педагогика институти фаоллар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди дастури тарғиботи, келгусидаги фаолият ва амалга оширилажак устувор вазифаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси “ижтимоий давлат” экани қатъий мустаҳкамланди. Бу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар кўп жиҳатдан Халқ демократик партиясининг дастури ҳамда мақсад ва вазифаларига ҳар томонлама мос келади. Жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқаролар, қаровчисиз қолган якка-ёлғиз қариялар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларининг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига эришиш партия илгари сурган ғояларга ҳамоҳанг ва уйғундир.

Партия ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароити яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсат юритиш ғояларини тарғиб қилади.

Учрашувда аралаш сайлов тизими ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилиб, сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири