French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифатига баҳони талабалар бериши керакми?
11:12 / 2024-07-09

Кейинги йилларда мамлакатимиз олий таълим муассасалари фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, уларда халқаро стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада олий ўқув юртларининг халқаро миқёсда жозибадорлиги ортиб, жаҳон рейтингларидаги ўрни мустаҳкамланмоқда.

Бу, албатта, қувонарли. Шу ўринда савол туғилади: олий таълим муассасаларида таълим сифатини қандай баҳолаш мумкин, халқаро миқёсда таълим сифатини баҳолайдиган аниқ ўлчов борми, нимага асосланиб бир олий таълим муассасасида таълим сифати юқори, иккинчисида эса паст ҳолат кузатилади? Шу каби саволлар юзасидан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази Халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажрибани тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи Мусурман ҲУРРАМОВнинг фикрларига қизиқдик.

– Ўзбекистон тарихида илк бор олий таълим муассасаларимиз халқаро рейтингларда юқори натижаларни қайд этди. Хусусан, бу йил илк бор Ўзбекистоннинг 2 та олийгоҳи дунёнинг энг нуфузли университетлари “ТОП-1000”талигидан ўрин эгаллади. Буюк Британиянинг “QS Quacquarelli Symonds” халқаро рейтинг агентлиги томонидан эълон қилинган “QS World University Rankings-2025”да “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети 547-ўринни ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети 781-790 ўринни қайд этди, – дейди М. Ҳуррамов. – Бироқ ушбу рейтинглардаги ўрнимизга мос равишда олий таълим ташкилотларидаги таълим сифатини ҳам узлуксиз ошириб бориш муҳим ҳисобланади. Яъни, таълим сифати ҳолатини баҳолайдиган янгича механизмларни жорий этиш лозим бўлади.

Дарҳақиқат, таълим сифати кенг қамровли тушунча бўлиб, уни баҳолайдиган аниқ ўлчов мавжуд эмас. Хориж тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, асосан икки хил усули кенг тарқалган – ички ва ташқи баҳолаш. Ички баҳолаш, бу – олий таълим муассасалари томонидан мустақил тарзда ишлаб чиқилган таълим сифатини баҳолаш мезонлари. Ташқи баҳолаш эса – ички баҳолашнинг давоми бўлиб, кўпинча, нодавлат ташкилотлари томонидан олий таълим муассасасида берилаётган таълимнинг тегишли стандартларга мувофиқлиги текширилади. Ташқи баҳолашнинг якуни аккредитация жараёнлари билан тугайди. 

Албатта, ички ва ташқи баҳолаш қоидалари ҳам, давлат томонидан белгиланган ички тартиб-қоидалар ҳам халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ишлаб чиқилади. Мазкур стандартлардан энг оммалашгани 2015 йилда Болонья тизимини қабул қилган 48 давлатнинг таълим вазирликлари томонидан маъқулланган “Европа олий таълим ҳудудида олий таълим сифатини таъминлаш бўйича стандартлар ва йўриқномалар”дир. 

Энди таълим сифатига баҳо беришни талабалар нуқтаи назаридан кўриб чиқишга ҳаракат қилсак. Маълумки, бугунги кунда қатор ривожланган давлатлар олий таълим муассасаларида талабаларга таълим хизматларининг харидори сифатида қараш кайфияти кенг тарқаб улгурди. Таълим сифатига истеъмолчи нуқтаи назаридан баҳо бериш асосий ўринга чиқди. Мана шундай амалиётлардан бири Буюк Британияда қўлланилиб келинаётган – Умуммиллий талабалар сўровномаси (National student survey)дир. Мазкур тадқиқот натижаларининг йиллик ҳисоботи, маъ­лумотларнинг лига жадвали кўринишида эълон қилиб борилиши мамла­катдаги олий таълим сифатини оширишда муҳим роль ўйнаб келмоқда.

Худди шундай умуммиллий талабалар сўровномасини жорий этиш мамлакати­миз олий таълим тизими учун ҳам ноёб тажриба бўлиши мумкин, чунки у тизимнинг кучли ва заиф томонлари ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этади ҳамда олий таълим сифатини такомиллаштириш йўналишларини аниқлашга ёрдам беради.

– Бу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?

– Умуммиллий талабалар сўровномаси Буюк Британияда 2005 йилдан бери ҳар йили январь-апрель ойларида ўтказиб келинади. Сўровномада Англия, Уэльс, Шимолий Ирландия ва Шотландиядаги давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган бар­ча олий таълим муассасалари иштирок этади.

Умуммиллий талабалар сўровномасида ҳар йили қарийб ярим миллион талаба қатнашади. Бу олийгоҳлар, коллежлар ва талаба­лар уюшмалари фаолиятининг ижобий ва салбий томонларини аниқлаш, сўровнома натижалари асосида таълим сифатини оширишга ёрдам бера­диган тадқиқот ҳисобланади. Ушбу тадқиқот сўровнома шаклида бўлиб, кўпчилик талабаларнинг фикр-мулоҳазаларини акс эттиради.

Умуммиллий талабалар сўровномаси Талабалар офиси (Office for Students – OfS) нодавлат ташкилоти бу­юртмасига асосан халқаро тадқиқот ком­панияси – “Ipsos MORI” томо­нидан ўтказилади. Сўровнома Буюк Бри­таниянинг ваколатли органлари – Англиядаги Олий таълимни молиялаштириш кенгаши, Уэльсдаги Олий таълимни мо­лиялаштириш кенгаши, Шимолий Ир­ландиянинг Иқтисодиёт департаменти  ҳамда Шотландия Молиялаштириш кенгаши томонидан молиялаштирилади.

Сўровноманинг якуний натижаларини текшириш жараёнида натижаларга таъсир қилиш ҳолати аниқланса, NSS маълумотларининг шаф­фофлиги шубҳа остига олинади. Бу ҳолатда Буюк Британиянинг ваколат­ли органлари билан ҳамкорликда Талабалар офиси ўша йили тегишли олийгоҳ ёки коллеж учун NSS натижаларини эълон қилмайди. 

Умуммиллий талабалар сўровномасида иштирок этиш ихтиёрийдир. Агар талаба иштирок этишни истамаса, “Ipsos MORI”га мурожаат қилиб сўровномада иштирок этишдан воз кечиши мумкин.

– Сўровнома қандай талабларни ўз ичига олади?

– Бунда ҳар бир талабага ўз фикрини эркин билдириши учун тенг имконият берилади. Талабаларнинг жавобларига олийгоҳлар ёки коллежлар таъсир кўрсатмаслиги, улар ўз тажрибалари ҳақида ўзларининг самимий фикр-мулоҳазаларини бемалол айтишлари мумкин бўлади. 

Бундан ташқари, талабалардан сўровномани тўлдириш сўралмаслиги ва улар ўзларининг жавоблари назорат қилинаётганини ҳис қилмаслиги лозим. 

– Сўровномаларда талабалар қандай мавзуларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради?

– Бунда аввало дарс бериш сифати, талабаларга ўқиш учун яратилган шароитлар, уларнинг билимини баҳолаш, профессор-ўқитувчилардан академик ёрдам олиш, таълим ташкилотининг бошқарув самарадорлиги ва ўқув ресурсларидан унумли фойдаланиш бўйича фикрларини билдиришади. Шунингдек, таълим даргоҳларида талабалар фикри инобатга олиниши, сўз эркинлиги, умумий қониқиш масалаларига ҳам ёндашилади.

Бундан ташқари, ҳамширалик иши ва акушерлик каби тиббиётга доир йўналишлар бўйича ўқиётган талабаларга қўшимча (амалиётга жойлашиши ҳақида) саволлар берилиши мумкин.

Талабалар орасида маълум бир коллеж ёки олийгоҳ учун сўров­нома ўтказиш пайтида сўровнома натижалари NSS белгилаган чегара­ларга мос келмаса, ўша изоҳлар коллеж ёки олийгоҳнинг сифат кўрсат­кичига таъсир кўрсатмайди. 

Натижаларнинг жавоб даражаси ва талабалар сони қанчалик юқори бўлса, олийгоҳ ва коллеж ҳақидаги маълумотлар ишончлилиги шунча юқори бўлади.

Агар Британия тажрибасига хос ушбу амалиёт олий таълимнинг барча манфаатдор томонлари эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олган ҳолда, турли методологиялар билан уйғунликда қўлланилса, ҳар қандай мамлакат олий таълим тизими учун таълим сифатини кафолат­лашнинг намунали модели бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда ҳам шунга ўхшаш республика миқёсидаги сўровномаларни жорий этиш олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга яхшигина турки беради. Аммо буни шошма-шошарлик билан эмас, аксинча, дастлаб микродаражада синовдан ўтказиб, яхши самара берса, кейинчалик амалиётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Бундан ташқари, барча соҳалар сингари олий таълим тизимида ҳам бозор қонуниятлари жадаллик билан ривож топмоқда. Бир қатор давлат олий таълим муассасаларига молиявий ва академик эркинлик берилди. Олий таълим муассасалари ўзларини-ўзлари молиялаштиришга, яъни маблағ топишга ҳаракат қилмоқда. 

Аммо сир эмаски, кўплаб олий таълим муассасаларининг асосий даромади талабаларнинг тўлов-контракт маблағларидан шакллантирилмоқда. Шу сабабли таълим хизматларининг мижози бўлган талабаларнинг ҳам фикрларига қулоқ тутиш вақти келган. Улар ҳам ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасасидаги таълим сифатига баҳо беришга ҳақли. 

Бироқ алоҳида қайд этиш керакки, талабаларнинг таълим сифатига баҳо бериши ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаслиги, балки олий таълим муассасасидаги таълим сифати ҳолатини яхшилашга хизмат қиладиган механизмга айланиши лозим.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.