Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифати юксалмоқда
17:44 / 2025-09-18

ФОТОРЕПОРТАЖ

Бухоро давлат университетида таълим сифатини ошириш ва барқарор ривожланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш стратегиясини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу жараёнда университет қошидаги Таълим сифати назорати бўлимининг фаолияти яхши самара бермоқда.

Бўлим фаолияти самараси сифатида университет сўнгги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, 2022 йил Бухоро давлат университети UI GreenMetric халқаро университетлар рейтингида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида миллий координатор сифатида тан олинди. Шунингдек, шу йили ўтказилган “Барқарор университетлар: инновaцияси, таъсири ва келажак йўналишлари” мавзуидаги “II халқаро лидер талабалар учрашуви”га мезбонлик қилди.  

Университетнинг халқаро нуфузи нафақат илмий фаолият ва форумлар ташкил этиш билан, балки халқаро баҳолаш тизимларидаги иштироки билан ҳам юксалмоқда. Жумладан, 2023 йил Дубай шаҳрида COP28 саммити доирасида ўтказилган “Advancing Sustainable Futures” конференциясида таълим муассасаси “The Most Active National Coordinator in the World” номинaцияси бўйича ғолиб деб топилди. Университетнинг халқаро ҳамжамиятдаги академик нуфузи 2024 йилда IREG – Academic Rankings and Excellence Observatory ташкилотига аъзо бўлгач янада мустаҳкамланди. Бу аъзолик университетга халқаро академик рейтинглар, таълим сифатини баҳолаш механизмлари ва институционал самарадорликни аниқлаш мезонлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Шунингдек, 2024 йил “Барқарорлик мезонлари ва яшил университет концепцияси” мавзуидаги миллий онлайн семинар университетнинг маърифий ва методологик етакчилигини яна бир бор намоён этди. 

[gallery-25357]

Университет 2040 йилга қадар ўзининг карбон чиқиндиларини ноль даражага туширишни мақсад қилган 539 та олий таълим муассасаси қаторига киритилгани ҳам эътирофга сазовор. Муҳим стратегик ютуқлардан яна бири, университет туризм ва меҳмондўстлик йўналиши бўйича UNWTO TedQual халқаро сертификатини олди. Бу олийгоҳда таълим сифати, ўқув дастурларининг халқаро талабларга мослиги ҳамда касбий малакаларнинг глобал меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги таъминланаётганини тасдиқлайди.  

Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА