Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов томонидан видеоконференцалоқа орқали ҳудудий халқ таълими бўлинмалари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда таълим сифати ва мазмуни, ўқув муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, раҳбарларнинг масъулияти, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари муҳокама этилди.
Жумладан, мактабларда таълим сифатини ошириш, дарсликларни етказиб бериш, янги мактаб биноларини қуриш ва уларни зарур ўқув жиҳозлари билан таъминлаш доирасидаги қилинаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди.
Мактабларда йиллар давомида йиғилиб қолган талайгина муаммолар борлиги, таълим сифати, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, раҳбарларнинг масъулияти ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича олдимизда қилиниши лозим бўлган жуда кўп ишлар борлиги, уларни фақатгина баҳамжиҳат, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ҳал этиш мумкинлиги, раҳбарлардан эса жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этишда сабр, матонат ва шижоат талаб қилиниши, вазирликдаги ходимлардан тортиб, мактаб директорига қадар қилаётган ишининг мағзини чақиши лозимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан бугун барча қилинаётган ишлар фақат халқимизни рози қилишга қаратилгани, шу боис, барча раҳбарлар ўз ишига ёндашувини тубдан ўзгартириши кераклиги айтиб ўтилди.
Айтиш жоизки, вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан сўнгги кунларда қатор ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар жойларда таълим сифатини ошириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатди.
Ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида аҳоли томонидан соҳага оид қатор муаммолар кўтарилаётганлиги ва бу тегишли масъуллар томонидан қатъий назоратга олиниши лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, республикада қайд этилган 519 та таълим сифати паст мактаблардаги мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиш ва ҳал этишда аниқ методологик ва амалий ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Вазирлик тасарруфидаги «Ўқув-таълим-таъминот» ҳамда «Транспорт ва логистика» Давлат унитар корхоналари олдига янги яратилган ўқув дарсликлари етиб бормаган мактабларни қисқа муддатда зарур дарсликлар билан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишларига тўхталар экан, бугунги кунга қадар мазкур турдаги мактабларнинг 297 тасига зарур ўқув жиҳозлари тўлиқ етказиб берилгани, жорий йил октябрь ойининг сўнггига қадар ушбу ишни тўлиқ ва сифатли якунига етказиш талаби қўйилди.
Йиғилишда кўзда тутилган асосий масала сифатида мактабларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича масъулларнинг мавжуд ҳолат бўйича ҳисоботлари тингланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги мавжуд 10 104 та умумтаълим мактабининг 7 111 таси кўмир ёқилғиси ёрдамида, қолганлари табиий газ, суюқ ёқилғи ҳамда электр энергияси билан иситилади. Ҳозирда кўмир ёқилғиси билан иситиладиган мактабларга тўлиқ равишда кўмир маҳсулотлари етказиб берилган.
Аммо тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойлардаги қатор мактабларда ўтказилган ўрганишлар давомида кўмир маҳсулотларини сақлаш, иситиш қозонларининг яроқлилик ҳолати талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Шунингдек, табиий газ, кўмир, суюқ ёқилғи ҳамда электр энергияси ёрдамида иситиладиган мактабларнинг иситиш тизимини қайтадан таҳлил қилиб чиқиш бўйича ҳудудий бошқармалар қошида махсус Штаблар, соҳа ходимлари ва фуқароларнинг бу борадаги мурожаатларини қабул қилишга мўлжалланган “Call-марказ»лар ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди.
МАКТАБЛАРГА ҚУЁШ ЭЛЕКТР ПАНЕЛЛАРИ ЎРНАТИЛАДИ
Хабарингиз бор, 2022 йил 10 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактабларга қуёш электр панелларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ташаббус натижасида мактабларнинг электр энергияси сарфини сезиларли даражада камайтириши ва мактаб биноларини узлуксиз электр энергия билан таъминлашда катта хизмати қилиши айтиб ўтилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчилар рағбатлантирилади
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, белгиланган мазкур «долзарб 40 кунлик» доирасида республикадаги барча умумтаълим мактаблари ҳудудида жами 2 миллиондан ортиқ дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мактабларда махсус акция эълон қилиш ва бунда фаоллик кўрсатган ўқитувчи ва ўқувчиларни тақдирлаш ташаббусини илгари сурди.
«Биз бугун инсон тақдири, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари энг устувор йўналиш бўлган давлат сиёсатини олиб бормоқдамиз. Шундай экан, соҳага доир ҳар бир фуқаро мурожаати қонуний тарзда ўрганилиши ва ҳал этилиши лозим. Шу мақсадда, мазкур ҳафта сўнггига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этишингиз сўралади. Яна бир бор таъкидлайман, соҳада фаолият юритаётган ҳар бир раҳбар фарзандларимизнинг муносиб шароитларда таълим олишлари учун шижоат билан ҳаракат қилиши талаб этилади», — дея сўзини якунлади вазир.
ЎзА