Гулистон тумани мактабгача ва мактаб таълими соҳасида эришилган натижалар бўйича вилоятда етакчи ўринни эгаллади. Хусусан, давлат олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича туман вилоятда 1-ўринни қайд этди. Битирувчиларнинг ўртача кириш балли 80,77 фоизни ташкил этиб, ушбу натижа билан туман вилоят миқёсида 2-ўринни эгаллади.
Бу ҳақда Гулистон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Анжуманда таъкидланганидек, 2024–2025 ўқув йилида туманда 869 нафар ўқувчи мактабни битирган бўлиб, уларнинг 804 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Натижада 304 нафари давлат, 119 нафари нодавлат, 2 нафари эса хорижий олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилди.

Айни пайтда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфида 33 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу таълим муассасаларида жами 13 минг 400 нафар ўқувчи таҳсил олади. 33 та умумтаълим мактабида 1245 нафар, 20 та мактабгача таълим ташкилотида эса 312 нафар педагог ходим меҳнат қилмоқда.
Матбуот анжуманида таълим сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар алоҳида қайд этилди. Хусусан, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб тумандаги барча мактаблар янги баҳолаш тизимига ўтказилди. Янги тизим асосида 2-чорак якунларига кўра ўқувчиларнинг ўртача кўрсаткичи 75 баллни ташкил этди.
Педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида 2025 йил давомида 1138 нафар ўқитувчи тоифа синовларида иштирок этди. Натижада 464 нафар педагог ижобий баҳоланган бўлса, 128 нафари салбий натижа қайд этди, 546 нафари эса белгиланган баллдан паст кўрсаткич тўплади.
Касбга йўналтириш ва инклюзив таълим бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жорий йилда 9–11-синфларда таҳсил олаётган 234 нафар ўқувчида фанлар бўйича билимни тасдиқловчи сертификатлар мавжуд. 9-синфни тамомлаган 450 нафар ўқувчи техникумларга жалб этилди. Шунингдек, 1-, 7-, 14-, 18- ва 23-мактабларда инклюзив синфлар ташкил этилди.

Моддий-техника базани мустаҳкамлаш доирасида инвестиция дастури асосида 7 та мактаб ва 5 та мактабгача таълим ташкилоти таъмирланди. 3- ва 6-мактаблар замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланди. 2025 йилда туманда мактабгача таълим қамрови 92,8 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, ўқувчиларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган танловларда ҳам ижобий натижалар қайд этилди. “Турон” кўрик-танловининг туман босқичида 5-мактабнинг “Янги юлдузлар” жамоаси ғолиб бўлиб, вилоят босқичида 4-ўринни эгаллади. “Иқтидор” ансамбллари танловида эса 28-мактабнинг “Шукрона” жамоаси вилоят босқичида 5-ўринни қўлга киритди.
“Жадидлар изидан” танловининг вилоят босқичида 13-мактаб ўқувчилари Абдуазизова Эъзоза ва Анорбоева Райҳона ўз ёш тоифаларида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этди. Республика босқичида Анорбоева Райҳона фахрли ўринни қўлга киритиб, Германияга таълим саёҳатида қатнашиш имкониятига эга бўлди.
Матбуот анжуманида таълим сифатини янада ошириш, педагоглар билан ишлашни кучайтириш ва ёшлар учун тенг имкониятлар яратиш устувор вазифа экани таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири