French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим сифати ривожланса, ҳар бир соҳада ўзгариш ва ривожланиш бўлади
19:30 / 2021-06-17

Мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбия эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, уларни билим ва малакали этиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлашга қаратилган.

Янги Ўзбекистонга илм-фанга эътибор юқори чўққига чиққани бежиз эмас. Чунки ҳозир замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳоннинг етакчи давлатларида ҳам таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланмоқда. Зеро, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани бу борадаги ишларнинг қанчалик долзарб эканлигини тасдиқлайди.

Шу жиҳатдан, олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди. Биргина охирги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари 66 мингтадан 181 мингтага ошди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Албатта, мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар эътиборга молик. Лекин шунга қарамай, сифат борасида ўзгаришлар ҳали-ҳамон сезилмаяпти. Таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш масаласи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ректорларнинг эътиборидан четда қолиб кетмоқда.

Масалан, бугунги кундаги 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Айрим йўналишлар бўйича тайёрланаётган кадрлар амалиётда ўз ўрнини топа олмай, бутунлай бошқа соҳаларда ишламоқда. Демак, энди олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари, мутахассисликларни ҳудудлар, соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиш лозим.

Яна бир муҳим масала, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, талабаларнинг ўқиш жойини кўчиришда коррупция ҳолатлари кўп кузатилади. Ўтказилган сўровларда аҳолининг 65 фоизи олий таълимдаги ислоҳотлар натижаси сезилмаётганини билдирган.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари соҳадаги 4 та устувор вазифани кўрсатиб ўтди. Биринчиси олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш бўлса, иккинчиси ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратишдир. Ўз навбатида, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.

Уларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши масала ечимига қаратилган энг тўғри йўлдир. Негаки, бундан буён, ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилар экан, халқаро тажрибада илмий салоҳият 70 фоиздан кам бўлса, бундай университет нуфузли ҳисобланмаслиги, юртимизда бу кўрсаткич жуда пастлиги, 24 та олий ўқув юртининг илмий салоҳияти 25 фоизга ҳам бормаслиги, 19 тасида бирорта профессор ва фан доктори йўқлиги айтиб ўтилди.

Инчунин, сўнгги 30 йилда атиги 208 нафар профессор-ўқитувчи хорижда илмий даража олган. Бу эса келгуси йилдан докторантурага квоталар сонини 2 баравар кўпайтиришни, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб боришни тақозо этади. Бунинг учун ҳар йили бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм, ҳар бир тармоқ ўз соҳасига тегишли олийгоҳларга докторантлар квоталари учун яна 10 миллиард сўмдан ажратиши мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришга қаратилган дадил қадамдир.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда талабалар учун қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж бор. Бу талабалар учун қўшимча ётоқхоналар қуриш зарур дегани. Йиғилишда ётоқхоналарни тадбиркорлар билан хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун олий таълим муассасаси ҳудудидан ёки унга яқин жойдан аукцион орқали ер ажратилиши белгиланди. Мазкур биноларнинг биринчи ва иккинчи қавати бизнес учун тадбиркорларга берилиб, юқори қаватлари арзон турар жой бўлади. Талабаларга бу борадаги харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши уларни кўнглини тоғдек кўтарди, ниҳоятда мамнун этди.

ЎзЛиДеП сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу борада таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, унда таълим муассасаларини молиялаштириш, фаолиятини баҳолаш методологияларини жорий этиш ҳамда олий таълимда молиявий мустақилликни белгилаб берувчи қоидаларни баён этишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида айтганда, олий таълим мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берадиган, жамият ҳаётининг барча жабҳасини ислоҳ этишда ҳал қилувчи вазифани бажарадиган муҳим омилдир. Жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади. Таълим сифати ривожланса, ҳар бир соҳада ўзгариш, ривожланиш кузатилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари