Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Қарор асосида жорий этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари учун янги босқичда йўлга қўйилмоқда. Уларнинг самарали ташкил этилиши учун зарур бўлган ўқув режалари, дастурлар ва ўқув-методик материаллар ишлаб чиқилди.

Олот тумандаги 25-умумтаълим мактабида “Касбий ривожланиш куни” тадбирлари доирасида бошланғич синф ўқитувчилари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тумандаги барча умумтаълим муассасаларидан танлаб олинган 34 нафар бошланғич таълим йўналишидаги етакчи ўқитувчилар иштирок этган ушбу машғулотлар иккита гуруҳга бўлинган ҳолда амалий машқлар асосида олиб борилди.

Семинар-тренинг орқали ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, замонавий таълим ёндашувларини чуқур ўзлаштириш ҳамда касбий фаолиятда инновацион ёндашувларни жорий этиш кўзда тутилган.

“Касбий ривожланиш куни” бу нафақат навбатдаги семинар, балки ўқитувчи шахсини ривожлантиришга, таълим сифатини оширишга қаратилган тизимли ёндашувдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.