Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим пойдевори мактабларда мустаҳкамланади
19:50 / 2019-09-09

Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Халқ таълими вазири ўринбосари А.Умаров бошчилигидаги вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи Наманган шаҳрида барпо этилаётган Президент мактабининг қурилиш ишлари билан танишди.


Президентимиз томонидан шу йилнинг 23 август куни ўтказилган таълим истиқболи ва равнақи, ёш авлодни мамлакатимиз келажагига муносиб, ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол инсонлар қилиб камол топтириш, бунинг учун таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадал ривожлантириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи Наманган вилоятидаги умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганмоқда.

Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Халқ таълими вазири ўринбосари А.Умаров бошчилигидаги вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи Наманган шаҳрида барпо этилаётган Президент мактабининг қурилиш ишлари билан танишди.

– Ушбу таълим муассасаси иқтидорли ўғил-қизларга олий мақсадлар йўлидаги парвоз майдони бўлиши керак, – дейди Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов. – Бунинг учун, энг аввало, қурилиш, жиҳозлаш, ўқитиш, ўқиш учун шарт-шароитлар давр талабига мувофиқ, мукаммал амалга оширилиши зарур.

Ишчи гуруҳи вакиллари Наманган шаҳрининг Орзу массивида Инвестиция дастури асосида 6 миллиард 926 минг сўмдан зиёд маблағ эвазига янги барпо этилган 84-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ҳар жиҳатдан шинам ва кўркам бунёд этилган замонавий мактабдаги кутубхона фаолияти, кимё, технология, ошхона ва спорт залида яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишди. Устоз-муаллимлар билан мулоқотда ўқувчиларни Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида жисмонан баркамол, маънан етук этиб тарбиялаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигига эътибор қаратилди.

Юқори синф ўқувчилари билан суҳбат жараёнида Президент маслаҳатчиси мустақил ҳаётга шаҳдам қадамлар билан бораётган ўқувчиларнинг орзу-мақсадлари билан қизиқди. Ёшларнинг қизиқиш ва интилишларидан келиб чиқиб, уларга бир қатор олий ўқув юртлари фаолияти, улардаги факультет ва йўналишлар, яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Мактаб кутубхонасига бадиий адабиётлар совға қилинди. Ўқувларга Ватан равнақи учун жамият ҳаётида фаол иштирок этиш бўйича ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, шу йўлда чуқур билим олиш юзасидан тавсиялар берилди.

Республика ишчи гуруҳи вакиллари, шунингдек, 620 нафар ўқувчи таълим олаётган 1- ва 54-умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, юқори синфларда математика, рус тили, чизмачилик, кимё фани дарсларини кузатишди ва ўқувчилар билан мулоқотда бўлди. Мактабларнинг спорт зали ва спорт майдони кўздан кечирилиб, ўқувчиларга спорт билан доимий шуғулланиши ва ютуқларга эришиши учун шароитларни яхшилаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Президент Администрацияси вакиллари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари ректорлари, проректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, вилоят ҳудудидаги давлат ва жамоат ташкилотлари масъул-мутасаддиларидан иборат Ишчи гуруҳи бутун эътиборни келажакнинг мустаҳкам пойдевори бўлган таълим соҳасини тубдан янгилаш ва янги ташаббуслар ҳамда замонавий, илғор усул, услубларни татбиқ этишга қаратмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари М.Эсонбоев. – Таълим истиқболига қаратилган амалий жараёнлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда.