Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим олувчи жамият - янги Уйғониш даврининг ижодкори
12:30 / 2020-11-03

Мамлакатдаги ишчи кучининг 77 фоизи ҳам ана шу соҳаларда банд.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик” деб мамлакатимизни тараққий эттиришнинг янги уфқларини белгилаб берди.

Ҳозирги даврда билимнинг ҳар бир давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги беқиёс аҳамияти яхши маълум. Хусусан, бугунги кунда АҚШ ялпи маҳсулотининг 75 фоизи билим ва ахборот ҳиссасига тўғри келмоқда. Мамлакатдаги ишчи кучининг 77 фоизи ҳам ана шу соҳаларда банд.

1960-йиллардаёқ олимлар тараққий этган мамлакатлардаги саноат ривожланишидан кейинги даврни “билимлар иқтисодиёти” деб аташган эди. Америкалик иқтисодчи олим Питер Друкер эса биринчи бўлиб илмий муомалага “билимлар жамияти” иборасини киритди. Унинг фикрича, бундай жамиятда ҳар бир шахс эгаллаган билимларидан самарали фойдалана олиши ҳамда ўз қобилиятини муттасил такомиллаштириб бориши учун умр бўйи узлуксиз таълим олиши керак.

Чунки, америкалик олимларнинг тадқиқотлари агар 1940 йилда олий таълим муассасини тугаллаган муҳандиснинг билими 12 йилдан кейин эскирган бўлса, ушбу кўрсаткич 1960 йилда - 8-10 йилни, 1970 йилда – 4-5 йилни, XXI аср бошида эса атиги 2-3 йилни ташкил этишини кўрсатди. Ҳозирги пайтда олий таълим муассасалари битирувчилари йилига эгаллаган билимларининг 20 фоизини йўқотишлари ҳисоблаб чиқилган.

2005 йилда ЮНЕСКО билимнинг инсоният учун ҳал қилувчи аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ўзининг умумжаҳон маърузасини бевосита “билимлар жамияти”ни шакллантириш мавзусига бағишлаганлиги бежиз эмас.

Ўзбекистоннинг бундан буёнги тараққиёти ҳам биринчи навбатда илм-фанга асосланмоқда. Президентимиз “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”, деб алоҳида таъкидлади.

Шунинг учун мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълимни тубдан ислоҳ қилиш, янги турдаги таълим муассасаларини ташкил этиш ва улар сонини кўпайтириш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, педагогларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича стратегик вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари яқинда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга оширишда жаҳонда, хусусан Финляндияда ана шу соҳада тўпланган энг илғор тажрибага эътибор қаратиш, уларни амалиётда қўллаш чораларини кўриш жуда муҳим эканлигини алоҳида уқтирди.

Бутун дунё ҳозир Финляндиянинг мактаб таълимини жаҳонда энг намунали деб эътироф этаётганлиги ўз асосларига эга. Нуфузли Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро таълим сифатини баҳолаш бўйича дастур – PISA рейтингида Финляндия мактабларининг ўқувчилри эгаллаётган билим даражалари бўйича дунёда энг юқори натижаларга эришмоқдалар. Улар жаҳонда энг кўп ўқийдиганлар ҳисобланади, табиий фанлар бўйича дунёда иккинчи ва математика бўйича бешинчи ўринни олганлар. Ўзбекистон ҳам яқин келажакда ўз олдига PISA рейтингида жаҳон мамлакатларининг биринчи ўттизлиги сафидан ўрин олиш вазифасини қўйганлиги финлар тажрибасига эътибор қаратишни тақозо қилади.

Аслида Финляндиянинг таълим тизими ЮНЕСКОнинг Халқаро таълимни режалаштириш институти раҳбар кенгашининг раиси Торстен Хюсен томонидан 1990-йилларнинг ўрталарида ишлаб чиқилган “таълим олувчи жамият” концепциясига асосланган.

Торстен Хюсен АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Швеция таълим тизимларини чуқур тадқиқ қилиш асосида яқин келажакда ўқувчиларга билим беришга янгича ёндашувлар концепциясини ишлаб чиққан. Олимнинг ҳисоблашича, ўқувчиларга таълим беришда педагог, энг аввало, уларда фаоллик, мустақил фикрлаш, ижодий ёндашув хислатларини шакллантиришга биринчи даражали аҳамият бериши керак. Яъни ўқитувчининг асосий вазифаси – ўқувчини таълим олишга ўргатиш, ўз салоҳиятини ошириш учун бутун умри давомида муттасил илм излашга интилиш хусусиятини шакллантиришдир.

Умуман, швед олимининг концепцияси асосига жамиятда узлуксиз таълим тизими ҳамда барчага ҳар қандай ёшда таълим олиш имкониятини яратиш принципи қўйилган. Финляндия таълим сиёсатининг бош мақсади ҳам мамлакатнинг барча фуқароларига ёши, жинси, молиявий аҳволи, қобилиятидан қатъи назар таълим олиш учун тенг имкониятлар яратиш ҳисобланади.

Финляндияда мактаб ёшига етмаган ҳар бир бола мунипициал ва оилавий болалар боғчаларида бепул мактабгача тарбия олиш ҳуқуқига эга. Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, болалар мактабда ўқишни бошлашдан олдин бир йил давомида тайёргарлик таълимини олишлари керак. Одатда тайёргарлик таълими бола 6 ёшга тўлгандан кейин бошланади. Тайёргарлик таълимини олиш ҳам барча учун бепул.

Бу мамлакатда нуфузли ёки нуфузсиз мактаб тушунчаси йўқ. 960 нафар ўқувчи таълим оладиган энг йирик ва атиги 11 та бола ўқийдиган энг кичик мактаб ҳам бир хил жиҳозларга ва жуда юқори малакали ўқитувчиларга эга. Бу мактабларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши ҳам бир хил. Шунинг учун ота-оналар фарзандлари учун нуфузли умумтаълим муассасини қидириб юрмай, ўзлари яшайдиган жойга энг яқин мактабда ўқитишади.

Бу ердаги мактаблар икки тоифали – 6 йил таълим бериладиган кичик (3000 тага яқин) ва кейинги уч йиллик катта (600 тага яқин) умумтаълим муассасаларидир. Кичик ва катта мактабларда таълим олиш бепул. Ўқувчиларга дарсликлар, дафтарлар, ўқув қуроллари ҳам текин берилади. Улар синфлардаги ҳар бир ўқувчининг қутисида сақланади. Шу сабабли мактаб ўқувчилари уларни уйдан мактабга ва мактабдан уйга кўтариб олиб юрмайди. 

Бундан ташқари ўқувчилар ҳар куни мактабда бепул тушлик қилади, экскурсиялар, тўгараклар, синфдан ташқари бошқа тадбирлар, агар мактаб ота-оналар турар жойидан 2 километрдан узоқ бўлса мактабга олиб бориб, олиб келадиган транспорт харажатлари ҳам текин. Ота-оналардан мактаб харажатлари учун ҳар қандай пул йиғишлар ман этилган.

Мактабда ҳар бир ўқувчи учун шахсий таълим бериш ва болани ривожлантириш режаси тузилади. Фойдаланилаётган дарсликлар, машқлар мавзулари, синфда ва уйда бажариш учун берилган топшириқлар, уларга ажратиладиган вақт ҳам ҳар бир ўқувчи учун алоҳида-алоҳидадир. Бир синфда турли мураккабликдаги машқлар бажарилади. Агар ўқувчи дастлабки мураккабликдаги машқни “аъло” баҳога бажарса, унга навбатдаги юқорироқ мураккабликдаги машқ берилади. Ўқувчи уни бажаришнинг уддасидан чиқа олмаса, ҳеч қандай танбеҳ олмайди, яна аввалги мураккабликдаги машқни бажараверади.

Мактабларда анъанавий ўқитиш билан бирга таълим беришнинг қўллаб-қувватлаш тури ҳам мавжуд. Яъни ўқитувчилар ўқиш дастурини ўзлаштириа олмаётганлар билан алоҳида шахсан шуғулланадилар. Бу бизда мавжуд репититорликка ўхшайди, аммо Финляндияда ўқитувчилар буни дарсдан кейин текинга қилишади.

Фин маорифчилари ўртасида “Биз ўқувчиларни ёки ҳаётга, ёхуд имтиҳонга тайёрлаймиз” деган гап юрган. Улар мактабнинг энг асосий вазифаси – болани келажакдаги мустақил ҳаётга ҳар тарафлама тайёрлаши керак деган хулосага келганлар. Шунинг учун ўқитувчилар ўқувчиларни муаммоларни таҳлил этиш, мулоҳаза юритишга ва билимларни ўзлари эгаллашларига ўргатишади. Педагог дарснинг янги мавзусини ўқувчиларга гапириб ўтирмайди, буларнинг ҳаммаси дарсликларда баён этилган. Улар учун муҳими - ўқувчиларнинг дарс мавзуларини ёдлаб олиши эмас, балки Интернет, дарсликлар, адабиётлар, луғатлардан тўғри фойдаланишни билишдир.

Мактабларда ўқувчиларни билимларнинг иложи борича кўп ҳажмини ўзлаштиришга эмас, балки олинган билимларни меҳнат фаолиятида ва ҳаётда қўллай олишга ўргатишади. Шунинг учун Финляндия мактабларида имтиҳонлар йўқ. Назорат топшириқлари бериш ва оралиқ тестларини ўтказиш ўқитувчининг ихтиёрида. Ўқувчи фақат ўрта таълим мактабини тугалланганида мажбурий стандарт тест топширади. Мактабнинг 1-6-синфларида деярли барча фанларни бир ўқитувчи ўтайди. Фақат 7-синфдан бошлаб фанлар бўйича алоҳида ўқитувчилар дарс ўта бошлайди.

Мамлакатда мактаб таълимининг юқори сифати кўп жиҳатдан ўқитувчиларни тайёрлаш самарали тизими билан изоҳланади. Бу мамлакат дунёда Сингапур билан бир қаторда педагогларни танлаш самарали тартиби билан ажралиб туради. Мактабларда фақат магистр даражасига эга ўқитувчилар ишлаш ҳуқуқига эга. Аксарият ҳолатларда мактаблардаги ҳар бир бўш ўқитувчи ўрнига элликка яқин номзод бўлади. Ўз навбатида ўқитувчилар тайёрлайдиган университетларга кириш ҳам осон эмас. Одатда бу университетларда ҳам бир ўринга камида 50 та абитуриент тўғри келлади.

Ўқитувчилар университетларда магистр даражасини олганидан кейин мактабда дарс бериш ҳуқуқига эга бўлиш учун уч босқичли танловдан ўтади. Уларнинг биринчисида уммумиллий даражада қабул қилинган саводхонлик ва муаммоларни ҳал этиш бўйича имтиҳон ва тестлар ўтказилади. Уларда энг юқори натижаларни қўлга киритганлпар алоқа кўникмалари, билимини оширишга тайёрлик, академик қобилияти ва касбига иҳлоси бўйича иккинчи босқич тестларидан ўтишади. Учинчи босқичда иш берувчи – мактаб директори номзодларни улар ўзлари ишлашни хоҳлаётган мактабда имтиҳондан ўтказади. Бунда педагогларнинг касбига лаёқати, ўқувчилар билан алоқа қилиш салоҳияти, эҳтирослиги, қайишқоқлиги ва бошқа хислатлари текширилади.

Мактаб ўқитувчиси бўлишнинг нуфузлиги кўп жиҳатдан бу касб эгалари учун юқори иш ҳақи кафолатланганлиги билан боғлиқдир. Шуниси эътиборлики, бу юқори маош (Финляндияда жорий этилган ўқитувчи ёрдамчисиники - 2500 евродан, фанлар бўйича ўқитувчиники – 5000 еврогача) педагог меҳнат фаолиятининг бошланиши биланоқ берила бошланади. Натижада мамлакат барча умумтаълим мактабларига энг истеъдоли ўқитувчиларни жалб этишга эришилди. Финляндия қонунчилигида аввалроқ мактаб педагогларининг камида ярми эркаклар бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган эди. Ҳозир мактабларда бу қонунга амал этилишини назорат қилишга ҳам эҳтиёж қолмади.

Финляндия мактаб таълими ўзаро ишончга асосланган деб аташади. Таълим вазирлиги - ўз бошқармаларига, таълим бошқармалари – мактаб директорларига, мактаб директорлари – ўқитувчиларга, ўқитувчилар - ўз ўқувчиларига, ота-оналар эса – мактабга тўла ишонади. Шунинг учун ўқитувчининг дарс ўтиши деярли назорат қилинмайди. Ҳеч ким унга ўқувчиси якунловчи тестда паст натижалар кўрсатганлиги учун бирор чора кўрмайди. Шунинг учун педагогнинг ҳам ўзига билдирилган ишончни виждонан оқлашга астойдил интилиши табиийдир.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист