Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим муассасаларида инспекторлар фаолияти йўлга қўйилади
20:19 / 2022-04-26

Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг амалдаги штат бирликлари доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектор лавозими жорий этилади.

Мазкур қарор автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш, нохуш ҳолатларни олдини олиш ва кескин камайтириш имконини беради.

Қарорга кўра, барча таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” ва “Яшил чироқ” мусобақаларини ташкил этиш йўлга қўйилади.

Катта инспектор мактабларда, ўрта махсус таълим даргоҳларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, викторина ва турли мусобақаларни ташкил этади, тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминлайди. Мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича яратилган шароитларни ўрганади, мониторинг қилади ва баҳолаб боради. Аниқланган камчиликлар тўғрисида ҳудудий халқ таълим бошқармаларига маълумот киритади ҳамда таълим муассасаларида мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб боради.

Бир ой муддатда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бошқармаларида олий педагогик маълумотга эга бўлган, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борувчи бир нафардан катта инспектор лавозими жорий қилинади.

ЎзА