French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим муассасаларида имконияти чекланган болалар учун қандай шароитлар яратилган?
10:29 / 2024-03-16

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

— Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиши, билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилган, — деди қўмита раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов. — Конституциямизнинг 50-моддасида ҳам “Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади” деган норма мустаҳкамлаб қўйилди. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларида таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган даражада яхшилаш орқали ногиронлар учун барча даражадаги таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имкониятини, барча учун хавфсиз ва самарали ўқитиш муҳитини таъминлаш белгиланган. Бу борада амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ахбороти эшитилди. Вазирлик вакили Рўзибек Тўраевнинг қайд этишича, бугунги кунда республикамиз бўйича алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб интернатлари 90 та бўлиб, уларда 21 минг 447 нафар бола таълим олмоқда.  

Шунингдек, санаторий туридаги 22 та мактаб-интернатларида 5 минг 804 нафар ўқувчи, 24 минг 196 нафар имконияти чекланган ўқувчи эса умумтаълим мактабларида таҳсил олаётир. Шунингдек, ҳозирги кунда 17 та кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар учун ихтисослашган мактаб ва мактаб интернатларида 2 минг 941 нафар ўқувчи таълим оляпти. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 апрелдаги тегишли қарори билан ушбу тоифадаги болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ички ишлар вазирлигига бириктириб берилди.

Вазирлик томонидан ушбу тоифадаги мактаблар учун 2022-2023 ўқув йилига 28 номдаги 26 минг 936, 2023-2024 ўқув йилида эса 27 номдаги 42 минг 131 нусхада Брайль ёзувидаги дарсликлар чоп этилиб, жойларга етказиб берилган. Ногиронлиги бўлган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш ва уларга психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида 13 номдаги методик қўлланмалар ишлаб чиқилган.  

Шу билан бирга, 2022-2023 йиллар давомида республикадаги барча “Нурли маскан” мактаб-интернатлар брайлда чоп этадиган мини-принтерлар билан тўлиқ таъминланган. Барча муассасаларнинг компьютерларига кўзи ожизлар фойдаланишлари учун ўзбек тилидаги нутқ синтезаторлари дастури ўрнатилган.

Таъкидланганидек, 2024 йилда инклюзив таълимни босқичма-босқич ривожлантириб боришни давом эттириш ва бу турдаги мактаблар сонини 2024-2025 ўқув йилида 600 тага, улардаги ўқувчилар сонини 1000 нафарга етказиш мақсад қилинган.

Йиғилишда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ўз сайлов округларидаги махсус мактабгача таълим ташкилотларидаги шарт-шароитларни ўргангани таъкидланди. Ушбу ўрганишларда таълим муассасаларида имконияти чекланган болаларга яратилган шароитлар билан бирга айрим камчилик ва муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, инклюзив синфлари бор бўлган мактабларда махсус педагоглар ҳамда дефектология бўйича мутахассислар етишмаслиги қайд этилди.

Муҳокамалар давомида инклюзив синфлар очилаётган мактабларда зарур шароитларни яратиш, махсус педагогларни жалб этиш, ҳудудлардаги олийгоҳларда дефектология факультетлари тармоғини кенгайтириш ва кадрларни кўпайтириш бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА