French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим муҳокамаси: битирувчи ўқувчиларни онлайн дарслар қониқтиряптими?
12:19 / 2020-04-20

Умумтаълим мактаби ўқувчилари учун теледарслар, масофавий таълим бошланганига ҳам яқинда бир ой бўлади.


Умумтаълим мактаби ўқувчилари учун теледарслар, масофавий таълим бошланганига ҳам яқинда бир ой бўлади. Дарслар қандай йўлга қўйилган? Ота-оналар бу жараёнда қандай иштирок этмоқда? Умуман, онлайн дарслар битирувчи ўқувчилар учун қулайми?

Ушбу амалиёт биринчи маротаба бўлгани боис, илк теледарсларда ўқитувчилар кўникмага эга эмаслиги сезилди.

– Ўғлим 2 синфда ўқийди, шунинг учун теледарсларни бошидан кўриб боряпман, – дейди Дилфуза Каримова. – Илк дарсларда ўқитувчининг адашиб кетиш ҳоллари ҳам бўлди. Ўзим уйда бўлганим учун вазифаларни белгилаб олиб, кейин кун давомида бажариб боряпмиз. Хатоларни ўзим тўғрилаб, тушунтиришга уриняпман. Баъзи фан ўқитувчилари жуда яхши тушунтиради. Ўқувчилар қийналмасдан уй вазифаларини бажариши мумкин. Дарсларнинг қисқа вақт эканини ҳисобга олиб, биз, ота-оналар фаолроқ бўлишимиз керак.

Вазирлик томонидан эфирга узатилган дарслар юзасидан таклиф олиш учун ижтимоий тармоқда алоҳида канал ташкил этилган эди. Ота-оналар таклифларини бериб бормоқда. Шу асосда дарслар сифатини яхшилаш чоралари кўрилаяпти.

– Ижтимоий тармоқ орқали экраннинг жойлашуви, ёзувларнинг болалар ўқиши учун ноқулайлиги, асосий жойда ўқитувчи туриб қолиб, ёзув доскаси узоқ бўлиб қолаётгани ҳақида таклифимни бердим, – дейди Феруза Олимова. – Буни инобатга олишди шекилли, ҳозир дарслар бир маромда, белгиланган вақтида узатиб бориляпти.

Ўқувчилар дарсларда қанчалик фаол эканини пойтахтда жорий этилган kundalik.сom дастурида ҳам кўриш мумкин. Ҳали электрон шаклга ўтишга улгурмаган вилоятларда эса телеграм гуруҳларида иш қизғин. Ҳадемай мактаб ҳам ниҳоясига етади. Олий таълим муассасасига қабуллар бошланади. Педагоглар ўқувчилар билан қай тартибда ишламоқда?

– Дарслар 45 дақиқа бўлгани асосан эски мавзуни такрорлаш, янги мавзу ўтиш ва мустаҳкамлаш, уйга вазифани тушунтириш бўларди, – дейди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 256-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Хонзода Давронова. – Теледарсларнинг баъзилари 20 дақиқагача, баъзилари эса сал камроқ бўляпти. Бу фаннинг, мавзунинг мураккаблигига боғлиқ. 11-синф ўқувчиларим учун телеграм мессенжерида алоҳида машғулотлар ҳам ташкил этганмиз. Улар олдида жиддий синовлар турибди. Ўқувчиларимиз олий таълим муассасасига кириши керак. Олдинда мактаб имтиҳонлари ҳам бор. Вазият қандай бўлишидан қатъи назар билимлар сарҳисоб қилинадиган палла. Шунинг учун бугун нафақат битирувчи ўқувчиларимиз, балки биз, устозлар учун ҳам мураккаб вазият. Уларнинг тартиб-интизоми билан уйда катталар, ота-оналари шуғулланаётган бўлиши мумкин. Аммо таълим бериш бизнинг зиммамизда. Керак бўлса янада масъулиятли бўлишимиз кераклигини сезиб турибмиз.

– Онлайн дарсларни кўраяпман ва бажаришга ҳаракат қилаяпман, – дейди Меҳрангиз Усмонова. – Устозимизнинг телеграм гуруҳга юбораётган дарс топшириқларини бажариш ҳам қулай бўляпти. Бу йил мактабни битираман. Карантин бўлгунича курсларга бораётгандим. Ҳозир курслар ҳам онлайн тартибда ишлаяпти. Масъулият билан ёндашишга, ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Ахир бу йил талаба бўлишим керак. Шунинг учун бор диққат-эътиборим дарс тайёрлашга қаратилган.

Хорижий тилларни ўрганиш ва ўргатиш аслида мураккаб иш. Инглиз тилига оид телевизион дарслар ота-оналар, ўқувчилар учун қай даражада қулай?

– Юзма-юз туриб, хато қилганда тўғрилаб тушунтириш, вазифани бажариш барибир бошқача, – дейди Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 27-умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси Ирода Элмуродова. – Аслида ҳамма болада икки ёки ундан ортиқ тилни ўрганишга қобилият бўлади. Лекин бунинг қийинчиликлари ҳам бор. Бу жараёнда ёлғиз ўқитувчи ёки боланинг бир ўзи бу ишни эплолмайди. Албатта уйда, катталарнинг кўмаги керак бўлади. Илк теледарсларда ўқитувчи бошидан охиригача инглиз тилида гапириб тушунтираётган эди. Буни тушунмагани учун ўқувчиларимга телеграм гуруҳларда ўзим тушунтириб бордим. Ҳозир бу камчиликни тўғрилашган. Ўқувчиларга ҳам анча осон бўлди.

Муҳими илк қадамлар қўйилди. Бунда фақатгина онлайн дарс ўтаётган ўқитувчиларгина эмас, балки ҳар бир мактаб жамоаси, ота-оналарнинг масъулияти янадаошди.