ФОТОРЕПОРТАЖ
Таълим муассасаларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳридаги 88-умумтаълим мактабида кўкаламзорлаштириш тадбири ташкил этилди. Белгиланган ҳудудда 120 дан зиёд мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ўзига хос яшил боғ барпо қилинди.
Шундай кўтаринкилик Давлатобод туманидаги 55-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам уюшқоқлик билан давом этди. 200 туп дарахт кўчатлари масканнинг обод бўлиши, янада кўркам қиёфа касб этиши, келажагимиз эгаларининг етарли кислород билан таъминланишида ўзига хос воситага айланди.
[gallery-26385]
Навбатдаги кўчат экиш акцияси Тўрақўрғон туманидаги 25-мактабда вилоятдаги барча ижтимоий соҳа ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтди. Илм даргоҳи боғига экилган 500 дан зиёд манзарали, мевали дарахт кўчатлари ҳудуднинг обод бўлишига, атроф-муҳитнинг янада гўзал ва сўлим масканга айланишига хизмат қилибгина қолмай, балки ёшлар онгида табиатга меҳр, экологик маданиятни шакллантириш, Ватан равнақи учун масъулият туйғусини кучайтиришга қаратилган муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги бу каби эзгу ишлар Наманган вилоятининг барча туман ва шаҳарларида изчил давом эттирилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА