Таълим масканлари мавсумга шай
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларни қиш мавсумига тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларни қиш мавсумига тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Бу жараёнда таълим масканларининг муҳандислик-коммуникация тизимлари ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ва янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2015 йил 7 июлда қабул қилинган Республика иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Мавсумга тайёргарлик ишлари шаҳар халқ таълими муассасалари, тегишли ташкилот ва корхоналар ҳамкорлигида амалга оширилаётир. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилган ишлар доимий мониторинг қилиб борилаётир.
Чилонзор туманидаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Ўтган йили иситиш, электр таъминоти билан боғлиқ айрим камчиликларга дуч келган эдик, – дейди мактаб-интернат директори Ўлмас Камолов. – Жорий йилда таълим муассасамизнинг иситиш тизими ва электр таъминоти тармоқлари тўла таъмирдан чиқарилди.
Жорий йилда пойтахтимиздаги 7 таълим даргоҳида реконструкция, 397 умумтаълим мактаби, интернат ва мактабгача таълим муассасасини жорий таъмирлаш, 24 таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
– Ҳозирги кунга қадар 273 таълим муассасасида ички ва ташқи иситиш тизимлари таъмирланди, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси шўъба мудири Эргаш Магдиев. – Айни вақтда муассасалардаги 32 қозонни жорий, 72 минг 435 метр квадрат бино том қисмларини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётир.
Таълим даргоҳларида иссиқлик меъёрида бўлишини таъминлаш мақсадида 3 минг 834 метр квадрат яроқсиз ҳолга келиб қолган дераза ойналари алмаштирилди. 21 таълим даргоҳида электр тизими билан боғлиқкамчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. 1 минг 258 метр узунликдаги иссиқлик тармоғи изоляцияланди.
Ўтган қиш мавсумида кузатилган камчиликлар инобатга олинган ҳолда, таълим даргоҳларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни синчиклаб ўрганилмоқда. Соҳа ходимларига барча турдаги тизимлардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берилмоқда.