Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим марказида бепул ўқитилади
11:13 / 2022-10-06

Фарғона шаҳрида ёшлар таълим маркази иш бошлади.

Posco International Textile” компанияси томонидан барпо этилган марказнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг иштирок этди.

Компания томонидан қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун 550 минг доллар миқдорида маблағ сарфланган. Марказда яқин ҳудудларда яшовчи ёшларга инглиз тили ва ахборот технологиялари бўйича бепул 3 ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Ҳозирда бу йўналишда 20 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлса, келгусида ўқувчилар сони 60 нафарга етказилади. 8 ойда қуриб фойдаланишга топширилган марказда корхонада фаолият олиб борувчи ишчи ходимлар учун касбий малака ошириш ҳам йўлга қўйилади.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ва Корея Республикаси ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини қайд этиб, ушбу марказ вилоят ёшларига замонавий билимлар беришда, халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассисларни тайёрлашда яна бир муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

[gallery-9040]

Корея Республикасининг энг йирик корпорацияларидан бири бўлган “Posco International” томонидан Фарғона шаҳрида ташкил этилган “Posco International Textile” корхонаси 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Шуни қайд этиш керакки, компаниянинг юртимиздаги 4 та йирик ишлаб чиқариш фабрикасидан 3 таси Фарғона вилоятида жойлашган. Ушбу корхоналарда 3 минг 200 дан зиёд ҳамюртларимиз доимий иш ўрни билан таъминланган. Янги ташкил этилган пахтачилик кластерида ҳам 500 та янги иш ўрни яратилди.

“Posco International Textile” компаниясининг вилоят иқтисодиётида тутган ўрни ҳақида гапирганда, яна шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу компания Республикамиздаги текстиль корхоналари ичида энг йирик солиқ тўловчилардан бири бўлиб, ўтган 2021 йилда тўланган солиқлар ҳажми 75 миллиард сўмдан зиёд бўлган.

 

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат),ЎзА