Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази қошида UNICEF билан ҳамкорликда ташкил этилган таълим марказига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва UNICEF билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Ўзбекистонда сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Марказдаги тадбир мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, замонавий ўқув-методик жараёнлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида ўтказилди.
Мазкур медиа-тур давомида журналистлар марказ фаолияти, узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг йўлга қўйилиши, дарс жараёнларида профессор-ўқитувчилар томонидан қўлланилаётган илғор ва инновацион педагогик технологиялар, шунингдек, тингловчилар учун яратилган замонавий ўқув муҳити ҳамда техник инфратузилма билан таништирилди.
Шунингдек, медиа-турда республика миқёсида фаолият юритаётган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига марказдаги ўқув хоналари, компьютер синфлари, лабораториялар ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган амалий машғулот майдончалари ҳам кўрсатилди. Айниқса, тингловчиларнинг интерфаол усулда таълим олиши учун яратилган шароитлар оммавий ахборот воситалари вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Марказ UNICEF томонидан тавсия этилган замонавий техник ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, мактабгача таълим тизими ходимлари учун зарур бўлган назарий ва амалий машғулотларни юқори даражада ташкил этишга хизмат қилади. Бу ерда ўқитувчилар янги педагогик ёндашувларни ўзлаштириб, дарс сифатини ошириш бўйича замонавий кўникмаларга эга бўлмоқда.
Медиа-тур якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари марказда олиб борилаётган ишларни юқори баҳолаб, бундай ташаббусларнинг таълим сифатини оширишдаги муҳим ўрни ҳақида ижобий фикр билдиришди ва ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА