Бугун замонавий ҳаётимизни илм-маърифат ва таълимнинг ривожисиз тасаввур қилиш қийин. Қайси бир соҳани олсак ҳам, унинг юксалиши учун энг аввало, таълим соҳаси ривожланган бўлиши керак. Яъни, инсон капиталига, унинг қобилиятига эътибор бермай туриб, натижага эришиб бўлмайди.
Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддаси иккинчи қисмида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйилган. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, ўқитувчи мақомининг Конституция даражасида белгиланиши илм-фан, маърифат ва таълим бўйича туб ислоҳотларни амалга оширишга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатади.
Бу қоида эса устоз ва мураббийларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари таъминланиши, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати муносиб ҳимоя қилинишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Албатта, мамлакатимизда таълим соҳасига шунчалик эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўналиши ҳисобланади.
Юртбошимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, – деган сўзлари, албатта, таълим, фан ва инновацияларнинг янада адолатли ва барқарор ривожланишига интилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Жаҳоннинг тараққий этган давлатлари тажрибаси ҳар қандай иқтисодий тангликни, аввало, илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг қўллаш орқали бартараф қилиш ҳамда ривожланишга эришишни кўрсатмоқда. Илм-фан ва инновацион ишланмалар – ривожланаётган ҳар бир давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим омилга айланганлиги бежизга эмас.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказиб, мамлакатда таълим тизимида амалга оширилган ишлар ҳамда янги ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари барча педагогларни байрам билан табриклаб, уларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс меҳнатини алоҳида эътироф этди. Илм-фан ва инновацион ишланмаларим ҳам менга шундай юксак эътирофни, яъни “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлишимга сабабчи бўлди. Бу давлат мукофоти мен учун катта шараф ва масъулият бўлиб, юртимиз тараққиёти учун янада кучлироқ фидокорона меҳнат қилишга ундайди. Янги инновацион ғоялар, ишланмалар билан юртимиз фаровонлигига кўмаклашаман.
ЎзА, Шоира Носирова,
Навоий давлат университети
“Рақамли технологиялар” кафедраси профессори.