English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим ислоҳотлари тараққиётга етаклайди
17:16 / 2024-10-07

Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим-тарбияни, шу жумладан, олий таълимни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳам ҳар бир фаолиятнинг илм-фан ютуқларига асосланишини кўрсатиб, илм-фандаги кашфиётлар инсоният тараққиётини инновацион технологияларга таянган ҳолда жадал юксалтиришни тақозо этмоқда.

Жаҳон тажрибасини кузатадиган бўлсак, бугун Университет - 4.0 концепсияси асосида таълимни ташкил этган олийгоҳлар нафақат давлат, балки жаҳондаги инқилобий ўзгаришлар ядросига айланганига гувоҳ бўламиз. Бу воқелик Ўзбекистон олий таълим тизимига ҳам таъсир кўрсатиб, ташкилий-тузилмавий, сифат ва мазмун, сон ва миқдор ўзгаришларини талаб этмоқда. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатимизда таълим сиёсатини такомиллаштириш юзасидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Сон ўзгаришларидан сифат ўзгаришлари сари

Ўзбекистонда 114 та давлат, 29 та хорижий, 67 та нодавлат олийгоҳ фаолият юритмоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш сўнгги 5 йилда 9 фоиздан 47 фоизгача ўсди. Олий таълимга қамровнинг ошиши сифатга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Яъни талабалар сонининг кўпайиши билан қўшимча профессор-ўқитувчига, моддий-техник базани кенгайтиришга, керакли шароитни яратиб беришга эҳтиёж туғилади. Эндиликда соҳада таълим дастурлари мазмунини такомиллаштириш, хусусан, иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, малака талабларини қайта кўриб чиқиш, зарурий касбий компетенцияларни шакллантирувчи фанлар каталоги, ўқув дастури ва силлабусларни яратиш, мустақил таълим олиш кўникмаларини ривожлантиришга оид ташкилий-услубий муҳит яратиш каби вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади. 

Гап олий таълим сифатини ошириш ҳақида борар экан, битирувчиларнинг ишга жойлашишини таъминлаш учун соҳада йўналишлар ва мутахассисликлар классификаторини оптималлаштириш, иш берувчиларнинг аниқ талаблари ҳамда дунёнинг нуфузли 300 талигига кирувчи олийгоҳлар тажрибаси асосида таълим дастурларини такомиллаштириш, битирув иши ҳамда магистрлик диссертациялари ҳимояларини йирик иш берувчи ташкилотларда ташкил этиш керак. Шунингдек, юқори курсларда ташкил этиладиган 15 ҳафталик малакавий амалиётларни амалиёт ўтиладиган ташкилотнинг талабаларга ҳақ тўлаши асосида йўлга қўйиш ва ОТМлардаги каръера маркази фаолиятини кучайтириш сингари ишларни амалга ошириш лозим. 

Иккинчи йўналиш – таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигини кучайтиришда намоён бўлади. Бу йўналишнинг самарадорлиги ОТМлардаги илмий-тадқиқот, илмий салоҳият, илмий-инновацион муҳит ва илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш каби кўрсатгичлар билан боғлиқ. Бугун республикамиз олий таълим муассасаларида 40 мингга яқин профессор-ўқитувчи илмий-педагогик фаолият билан шуғулланмоқда. Илмий салоҳият 40 фоизни ташкил этади. Илмий салоҳият даражаси олий таълимда бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўлами кенглигини талаб этаётгани учун бу борада ҳам тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Энг аҳамиятлиси,­ сўнгги 8 йилда олий таълим соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар бугун сифат босқичига ўтмоқда. 

Институт жануб вилояти  тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда

Денов – Сурхон воҳасининг аҳолиси энг кўп тумани. Туманда олий таълим муассасаси ташкил этилишини ҳеч ким ҳаёлига келтиролмас, тасаввур ҳам қилолмас эди. Президентимизнинг 2020 йил 17 апрелдаги “Сурхондарё вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган институт давлатимизнинг жанубдаги воҳасига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди. 

Айтиш керакки, мамлакатимиз жанубий вилоятидаги туман ҳудудида ташкил топган олий таълим муассасасида юқори малакали илмий-педагогик кадрларга эҳтиёж доим кун тартибидаги масалалардан биридир. Шу боис институтни ташкил этишга оид қарорда таълим даргоҳида илмий-педагогик фаолият олиб борувчи ходимларга 1,5 коэффициент миқдорида, яъни 50 фоиз устама билан меҳнатга ҳақ тўлаш белгиланган. Айнан шу жиҳати педагоглик мақомининг мустаҳкамланиши, қолаверса, профессор-ўқитувчиларнинг доимий изланиш олиб бориши учун кучли мотивация бўлмоқда. Институт иш бошлаганидан буён республикамизнинг бошқа ҳудудларидан 34 нафар профессор-ўқитувчи асосий штатга ишга қабул қилиниб, илмий-педагогик фаолиятни шу ерда олиб бормоқда. 

Олий таълим муассасасида 4 та факультет, 16 та кафедра мавжуд. 300дан ортиқ профессор-ўқитувчи 8 мингдан ортиқ талабага ўзлари танлаган соҳаларнинг илм-фан сирларини чуқур ўргатмоқда. 

Институтда таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини замон талаблари асосида ташкил этиш, иш берувчилар талабига мос мутахассислар тайёрлаш учун 2024-2026 йилларда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти фаолиятини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Унга кўра, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш режаси, ўқув лабораториялари негизида илмий лабораторияларни ташкил этиш, институт кампуси ҳудудида асосий иш берувчиларнинг спин-офф корхоналарини очиш, педагогика ҳамда туризм йўналишида таҳсил олувчи талабалар амалиётини дуал таълим тамойили асосида йўлга қўйиш каби қатор вазифалар белгилаб олинди. 

Моддий-техник базаси етарли даражада таъминланган, яъни кимё, биология, физика ва ахборот технологиялари таълим йўналиши учун Ислом тараққиёт банкининг 2 миллиард 508 миллион сўм маблағи ҳисобидан олинган замонавий ўқув лабораторияларидан фойдаланилмоқда. Институтда 26 та таълим йўналиши ва 14 та магистратура мутахассислиги бўйича дунёнинг нуфузли 300 талигига кирувчи (ҚС ва ТҲЕ рейтинглари асосида) олийгоҳлари, хусусан, Кембриж, Аризона, Оксфорд, Нагоя каби университетлари таълим дастурлари қиёсий таҳлил қилинди. Шунга кўра, миллий малака талаблари, классификатор ҳамда таълимни тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилди. Шунингдек, ўрганилган хорижий илғор тажрибалар ўқув дастури ва силлабуслар мазмунига киритилди. 

Халқаро ҳамкорлик

Янги Ўзбекистоннинг олис ҳудудидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институти 59 та хорижий давлат университети билан тегишли меморандум имзолаб, ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатди. Айни пайтда 21 нафар хорижлик профессор талабаларга сабоқ бермоқда. 20 га яқин хорижлик талаба таҳсил олаётир.  Кейинги уч йилда 70 га яқин профессор-ўқитувчи хорижий олий таълим муассасаларида тажриба алмашиб келди. 5 нафар талаба Россия Федерацияси, бир нафари Япония, икки нафари Қозоғистон, 9 нафари Тожикистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида бўлиб қайтди. 2022 йил Россия Федерациясининг Алтай Давлат университети билан “Математика ва информатика” мутахассислиги бўйича 1+1 қўшма таълим дастури доирасида  магистрлар тайёрлаш шартномаси имзоланган бўлиб, ҳозир 35 талаба таҳсил олмоқда. 

Институт АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Англия, Туркия, Жанубий Корея, Беларусь, Хитой, Ҳиндистон, Қатар, Афғонистон ва бошқа давлатлар олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 2024 йил 17-19 сентябрь кунлари Россия Федерацияси Новосибирск таълим вазирлиги бошчилигидаги делегация институтда бўлганида қатор нуфузли олийгоҳлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва талабалар алмашинувига келишиб олинди. Бундай ҳамкорликнинг йўлга қўйилаётгани институтнинг халқаро рейтинглардан муносиб жой олишида муҳим аҳамият касб этади.

Илмий фаолият ривожланмоқда

Институтда профессор-ўқитувчилар илмий салоҳияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Институт ташкил қилинган илк йилда илмий салоҳият 15 фоизни, 2021йил 17, 2022 йил 21, 2023 йил 24, 2024 йил 30 фоизни ташкил этди. Жорий йил якунигача яна ўнга яқин илмий тадқиқотчиларимизнинг фалсафа доктори даражасини ҳимоя қилиши кутилмоқда. Айни пайтда институтда давлат илмий лойиҳалари ҳисобидан 902 миллион сўмлик битта инновацион лойиҳа бажарилмоқда. 2024-2025 ўқув йилида яна 6 та амалий ва инновацион лойиҳа давлат илмий лойиҳалар танловида иштирок этиш учун тақдим этилган. 

Институтда педагогика фанлари бўйича ОАК рўйхатига киритилган “Тадбиркорлик ва педагогика” илмий журнали фаолият олиб бормоқда. Унда чоп этилган мақолалар халқаро базаларга индексация қилинмоқда. Яратилаётган бундай имкониятлар талабаларнинг ўз истеъдод ва иқтидорини намоён этишида яхши самаралар бераётир. Жумладан, ўтган қисқа даврда 138 нафар иқтидорли талаба давлат ва номдор стипендиялар совриндори бўлди. 2022 йил 1 нафар талаба “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 2024 йил 1 нафар талаба ва 1 нафар ўқитувчи “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди. 

Янги Ўзбекистонда олий таълимга қаратилаётган бундай эътибор халқ хўжалиги соҳаларини етук кадрлар билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 2020-2023 йилларда институтни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида 1 минг 804 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 1 минг 786 нафари ёки 99 фоизининг бандлиги таъминланган. Битирувчиларнинг 45 нафари Давлат фуқаролик хизматларида, 1 минг 741 нафари халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритмоқда. Яъни иқтисодиёт тармоқларида 15 нафар, таълим муассасаларида 1 минг 552 нафар, тиббиёт муассасаларида 3 нафар, тадбиркорлик субъектларида 61 нафар, бошқа соҳаларда 103 нафар битирувчимиз меҳнат қилиб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жорий ўқув йилида институтни 1 минг 764 нафар йигит-қиз битирди. Ҳозиргача уларнинг 1 минг 650 нафари халқ хўжалигининг турли соҳаларига ишга жойлашди. Ёки 129 нафари иқтисодиёт тармоқларига, 1 минг 521 нафари таълим муассасаларига ишга юборилди. 114 нафари ишга жойлашиш арафасида.

Ижтимоий-маънавий ҳаёт ўзгаришида институтнинг ўрни

Туманда янги институтнинг ташкил этилиши ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ёшларнинг таълим олишга муносабати тубдан ўзгарди. Мамлакатимиз пойтахти ва вилоят марказидан олисда жойлашган ҳудудда қиз болаларнинг олий маълумотли бўлиши учун яхши имконият пайдо бўлди. Иккинчидан, институтнинг очилиши, унинг фаолиятини кузатиб турган аҳолида олий таълим ҳақида тасаввур кенгайишига таъсир этди. Фарзандларининг узоқ ҳудудларга ўқишга боришини истамаган ота-оналар институтда яратилган шароит ва имкониятларни кўриб, илм истагида бўлган ёшлар нафақат республикамизнинг бошқа вилоятларидаги ОТМларга, балки чет элдаги университетларга бориб ўқишини қўллаб-қувватлай бошлади. 

Учинчидан, институт очилишининг ҳудуд учун яна бир муҳим томони шундаки, олий таълим муассасаси ташкил этилгани янги иш ўринларини пайдо қилди. Институтга 600 га яқин профессор-ўқитувчи мутахассис ва техник ходим ишга қабул қилинди. 

Тўртинчидан, туманнинг иқтисодий-савдо айланмасига ижобий таъсир ўтказди. Яъни бошқа ҳудудлардан келадиган талаба ва ишчи-ходимларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш ортидан даромад топиш, бандликни таъминлаш имконияти пайдо бўлди. Хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти кенгайди.

Бешинчидан, Сурхондарё вилоятининг шимолида жойлашган (Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой ва Шўрчи) туманларидаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, ишлаб чиқариш амалиётлари, тарғибот тадбирлари ҳамда илмий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 

Олтинчидан, ҳудудда кўплаб янги ўқув-тайёрлов марказлари очилишига туртки бўлди. Бу ёшларнинг илм олишга, олий маълумотли мутахассис бўлишга қизиқиши, интилиши янада ошганига яққол далилдир. 

Режалар кўп

Президентимизнинг бевосита ғояси билан кейинги йилларда таълим соҳасини юксалтиришга қаратилган улкан эътибор Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини янада ошириш учун ҳали олдинда қатор ишларни бажаришга ундамоқда. Шу мақсадда юқори рейтингларда (ҚС, ТҲЕ) “ТОП-500”га кирадиган хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, нуфузли хорижий университетларда нашр этилган ўқув адабиётларини сотиб олиш ва таржима қилиб, ўқув жараёнида талабалар томонидан ўзлаштиришни таъминлаш, ўзаро келишувлар асосида хорижий ва республикадаги олий таълим муассасалари билан академик мобиллик дастурлари улушини ошириш режалаштирилаётир. 

Институтнинг камида иккита таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, таълим йўналишларида босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйиш ва магистратура ўқув жараёнини аралаш таълим (Блендед Леарнинг) асосида йўлга қўйиш, “Ёш тадбиркорлар” бизнес-инкубаторини ташкил этиб, ҳудуд ёшларининг тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш кўникмаларини шакллантириш ҳамда талабаларнинг амалиётларини жорий қилиш, мавжуд йўналиш, мутахассислик ва ихтисосликлар кесимида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона-олийгоҳ-илмий ташкилот” кластер тизимини, қишлоқ хўжалиги, компьютер инжиниринг ва қурилиш муҳандислиги йўналишлари бўйича “Спин-офф” корхоналарини ташкил этиш мўлжалланмоқда. 

Институт илмий салоҳияти шу йил 30 фоизга, 2025 йил 35, 2026 йил 40 фоизга оширилади. Докторантура қамрови ҳозиргига нисбатан 3-4 баробарга кенгайтирилиб, докторантура квотаси 2024 йилда 24 нафарга, 2025 йилда 30 нафарга, 2026 йил 45 нафарга етказилади. “Эл-юрт” жамғармаси эълон қиладиган танловларда институт иқтидорли талабалари, магистрантлар, ёш тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар иштироки таъминлашига эришилиб,  давлат илмий лойиҳалари (фундаментал, амалий, инновацион) сони оширилади. Профессор-ўқитувчиларнинг халқаро рефератив илмий базалардаги (Сцопус, ВОС) мақолалари ва иқтибослик кўрсатгичларини ошириб бориш ҳамда бошқа режаларни рўёбга чиқариш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси келажакда институтни энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига, соҳалар учун замонавий билим ва кўникмага эга етук мутахассислар тайёрлайдиган ўқув масканига айлантиришга хизмат қилади.

Ойбек Рўзиев, 

Денов тадбиркорлик ва

 педагогика институти ректори.

ЎзА