Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси кучайтирилади
11:51 / 2025-11-18

Сирдарё вилоятида таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ва маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда. Бу ташаббуснинг асосий мақсади — замонавий мутахассисларни маҳаллий ва халқаро бозор талабларига мос равишда тайёрлаш, амалиёт ва назарий таълимни узвий боғлашдир.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Сирдарё вилоятига хизмат сафари давомида Гулистон шаҳар 2-сон техникумида бўлиб, ўқув жараёнини такомиллаштириш ва интеграция жараёнида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташриф давомида вазир техникумнинг ўқув устахонаси ва амалий машғулотлар дастурларини кўздан кечирди, мавжуд техник жиҳозланиш, амалиёт учун яратилган шароитлар ва мутахассис тайёрлаш тизимидаги янгиланишлар юзасидан масъуллар билан фикр алмашди.

Қўнғиротбой Шарипов таъкидладики, таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси талабаларни соҳадаги замонавий технологиялар билан таништириш, уларнинг малакасини амалиёт асосида ривожлантириш ва маҳаллий корхоналарда самарали меҳнат қилишига хизмат қилади. Шунингдек, халқаро таълим дастурлари доирасини кенгайтириш ва маҳаллий мутахассисларни жаҳон стандартларига мувофиқ тайёрлаш ҳам устувор вазифалардан биридир.

Шунингдек, вазир томонидан ўқув жараёнини такомиллаштириш, амалиёт базаларини ривожлантириш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини замонавий талабларга мослаштириш масалалари бўйича  масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири